Тошкентда асос солинган платформа минтақавий ҳамкорликка хизмат қилмоқда

19:18 27 Ноябрь 2023 Сиёсат
193 0

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги «Миллий тикланиш» демократик партияси фракциясининг йиғилишида дастлаб Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг БМТнинг Марказий Осиё иқтисодиёти учун махсус дастури — СПЕКА саммитидаги нутқи мазмун-моҳияти муҳокама қилинди.

Тошкентда асос солинган мазкур платформа Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишда минтақавий шерикликнинг амалий механизми сифатида ўзининг ниҳоятда зарурлигини яққол кўрсатди. Унинг доирасида тижорат, коммуникация, транспорт ва логистика, рақамлаштириш, энергетика, сув ресурслари, экология, гендер тенглиги ва бошқа соҳаларда амалий ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган 400 дан ортиқ лойиҳалар ҳаётга татбиқ этилди, савдони соддалаштириш ва инновацион ривожланиш стратегиялари қабул қилинди.

Сўнгги йилларда Марказий Осиёда яхши қўшничилик ва ишонч муҳити кучайиб, интеграцион жараён чуқурлашаётган бир шароитда ушбу дастур доирасидаги ҳамкорликни янада кенгайтириш эҳтиёжи пайдо бўлди. Жумладан, Ўзбекистон етакчиси ҳозирги глобал геосиёсий беқарорлик шароитида минтақа мамлакатлари дуч келаётган хавф-хатарларга эътибор қаратиб, СПЕКА доирасидаги минтақавий ҳамкорликни янада кучайтириш бўйича қатор амалий ташаббусларни илгари сурди.

Жумладан, давлатимиз раҳбари томонидан минтақавий савдони рағбатлантириш, экспорт-импорт операцияларини тартибга солиш, «Яшил» иқтисодиёт, инновациялар, юқори технологиялар, транспорт, логистика, муқобил энергетика, «ақлли» қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат хавфсизлигини, замонавий ижтимоий инфратузилмани яратиш ва бошқа соҳалардаги йирик лойиҳаларни қўллаб-қувватлашга қаратилган аниқ таклиф ва ташаббуслар илгари сурилди.

– Бу яна бир бор Ўзбекистоннинг ислоҳотлар сиёсати дунё қанчалик нотинч бўлишига қарамай тинч ва тотувлик, биргаликда ривожланиш мақсадлари асосига қурилганидан далолат беради, – деди фракция раҳбари Алишер Қодиров.

Шундан сўнг депутатлар «Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳасини муҳокама қилдилар.

Таклиф этилаётган қонун лойиҳаси билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига қўшимча ва ўзгартириш киритилиб, жисмоний ва юридик шахсга тегишли бўлган транспорт воситаларидан фойдаланиб содир этилган йўл ҳаракати қоидалари бузилганлиги махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш техника воситалари орқали аниқланган тақдирда, транспорт воситаларини фуқаролик-ҳуқуқий тартибда фойдаланиш ҳуқуқини олган ҳамда ушбу транспорт воситаларидан фойдаланаётган шахсларнинг ўзлари маъмурий жавобгарликка тортилишини белгилаш назарда тутилмоқда.

Ушбу қонун лойиҳасининг қабул қилиниши ишончнома асосида юридик шахсга тегишли транспорт воситаларини бошқараётган ҳақиқий йўл ҳаракати қоидабузарларни маъмурий жавобгарликка тортиш имконини беради ва бу орқали транспорт воситаларини ишончнома асосида ижарага бериш билан шуғулланувчи тадбиркорлик субъектларининг ўринли эътирозлари бартараф этилади. Шунингдек, уларга ушбу соҳада қўшимча қулайликлар яратилишига хизмат қилади.

Қизғин муҳокамалардан сўнг, депутатлар қонун лойиҳасини қўллаб-қувватладилар.

 

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер