Тошкентда 19 ёшли йигит пичоқлаб кетилди
Видеодан кадр
Ижтимоий тармоқларда номаълум шахс ёш йигитни пичоқлагани, жабрланувчи танасидан қон оққанча юриб кетаётгани тасвирланган видео тарқалди. Мазкур ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси расмий маълумот берди.
Билдирилишича, воқеа кеча, 22 май куни тахминан соат 20:00 ларда Олмазор тумани «Чустий» маҳалласи ҳудудида юз берган. Ўша куни 22 ёшли А.С. ўзининг таниши 19 ёшли С.Ў. билан ўзаро келишмовчилик сабабли тортишиб қолган ва жанжаллашиб кетган.
Жанжал вақтида фуқаро А.С. ўткир тиғли жисм билан С.Ў.га тан жароҳати етказган. Оқибатда жабрланувчи «Кўкрак қафаси орқа соҳаси чап томон кесиб санчилган жароҳати» ташхиси билан шифохонага жойлаштирилган.
Қайд этилишича, мазкур ҳолат юзасидан Олмазор тумани ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 105-моддаси 2-қисми «м» банди (Қасддан баданга ўртача оғир шикаст етказиш — қуролни ёки совуқ қурол сифатида фойдаланилиши мумкин бўлган ашёларни ишлатиб содир этилиши) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Қўшимча қилинишича, тергов якуни бўйича қонуний қарор қабул қилиниши таъминланади.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг