Тошкент вилоятида қўлбола ичкиликлар ишлаб чиқарилиши ва савдоси аниқланди

15:54 05 Февраль 2026 Жамият
497 0

Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш Департаментининг Нурафшон шаҳри бўлими Тошкент вилояти Божхона бошқармаси ва вилоят Ички ишлар бош бошқармаси ходимлари билан ҳамкорликда Янгийўл туманида тезкор тадбир ўтказди.

Унда Янгийўл туманидаги «Мингбулоқ» маҳалласида яшовчи 49 ёшли У. С. ёрдамчи хўжалик биносида яширин равишда алкоголь маҳсулотларини ноқонуний равишда ишлаб чиқараётгани аниқланди. Тезкор тадбир давомида қўлбола усулда ишлаб чиқарилган сифатсиз спиртли ичимликлар У. С.нинг фарзанди ҳисобланган якка тартибдаги тадбиркор Ж. Й.га тегишли дўконда сотилаётгани фош этилди.

52-мактаб ёнида жойлашган дўкон ва фуқаро хонадонидан қонунга хилоф равишда реализация қилиб келаётган жами 690 литр спирт, 83 литр вино, 397 дона бўш шиша, 324 қути тамаки маҳсулоти ва бошқа ашёвий далиллар процессуал тартибда расмийлаштириб олинди.

– Янгийўл шаҳри Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бўлими Санитария гигиена лабораториясининг озиқ-овқат маҳсулотларидан намуналарни текшириш баёнига асосан, ашёвий далил сифатида олинган спирт намунаси истеъмолга яроқсиз эканлиги, истеъмолчилар ҳаёти ва соғлиғи учун хавф туғдириши ҳақида хулоса қилинган, – дейди Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти Нурафшон шаҳри бўлими бошлиғи Феруз Ҳасанов.

Мазкур ҳолат юзасидан У. С.га нисбатан Жиноят кодексининг 186-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилди.

Отабек ИСРОИЛОВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер