Тошкент вилоятида аҳолини ичимлик суви билан таъминлаш учун ажратилган 500 миллионга яқин маблағ талон-торож қилинди
Тошкент вилояти Бекобод туманида аҳолини ичимлик суви билан таъминлаш учун ажратилган маблағларни талон-торож қилган МЧЖ раҳбарлари ва бошқаларга нисбатан жиноят иши қўзғатилди. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент хабар берди.
Департаментнинг Бекобод туман бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувларда, Ангрен, Нурафшон, Олмалиқ шаҳарлари, Пискент, Ўртачирчиқ ва Янгийўл туман аҳолисини тоза ичимлик суви билан таъминлаш юзасидан «Сувоқова» ДУК Тошкент вилояти ҳудудий бошқармаси билан 6 та МЧЖ ўртасида тузилган пудрат шартномаларига асосан амалга оширилган ишлар бўйича тузилган ҳужжатларга сохта маълумотлар киритилиб, амалда бажарилмаган ишларни қўшиб ёзиш орқали жами 493,8 млн сўм бюджет маблағлари талон-торож қилинганлиги аниқланган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан жамият раҳбарлари ва бошқаларга нисбатан Жиноят кодексининг 167-моддаси (талон-торож қилиш), 228-моддаси (ҳужжатларни қалбакилаштириш) ва 209-моддаси (мансаб сохтакорлиги) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг