Тошкент вилояти ва Жанубий Корея ўртасида меморандуми имзоланди

18:47 02 Декабрь 2023 Сиёсат
160 0

Бугун Тошкент вилояти ҳокими Зойир Мирзаев Жанубий Корея Республикасининг Жеолланам-до провинцияси депутатлар кенгаши раиси Сео Донг-wоок билан савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар алоқаларни янада кенгайтириш мақсадида, учрашув ўтказди.

Учрашувда вилоят ҳокимининг ўринбосарлари Нажмиддинхўжа Шарипов ва Отабек Султанбеков, Халқ депутатлари Тошкент вилояти Кенгаши котибият мудири Отабек Анаров, тегишли мутасаддилар ҳамда Жеолланам-до провинцияси Кенгашининг 14 нафар делегация аъзолари қатнашди.

Вилоят ҳокими Кореялик делегатларга ўтказилаётган мазкур музокаралар ҳар икки мамлакат ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик алоқаларининг янада мустаҳкамланиши йўлида хизмат қилишини билдириб ўтди. Шунингдек, юртимизда Кенгаш депутатларининг ваколатлари кундан-кун ортиб бораётгани, «Ўзбекистон – 2030» стратегиясининг қабул қилинганлиги ва моҳияти, асосий мақсад давлат сиёсатига халқнинг аралашуви эканлиги, алоқалар натижаси сифатида ҳозирги кунда вилоятда Корея Республикаси ҳамкорлигида 98 та келишувларга эришилганлиги, хусусан, яқин кунларда тиббиёт, ижтимоий ва қурилиш йўналишларида битимлар имзолангани, вилоятда фаолиятини бошлаган 12 та олий таълим муассасаларида жами 50 минг талаба таҳсил олиб келаётгани тўғрисида батафсил тўхталди.

Учрашув давомида мамлакатимизда тадбиркорлар ва чет эллик инвесторлар учун яратилган шароитлар, маҳаллий кенгашларга берилган бир қанча ваколат ва имтиёзлар хусусида ҳам таъкидланди.

Жеолланам-до провинцияси депутатлар кенгаши раиси Сео Донг-wоок 2018 йилдан буён ҳар икки давлат ўртасида визасиз қатнов тизими йўлга қўйилганлиги халқаро муносабатларни янада яхшиланишига хизмат қилганини айтиб, бугунги келишувларда Ўзбекистон ва Корея мактабларида ўқитувчилар тажриба алмашинувини йўлга қўйиш масалалари бўйича таклифларини билдирди.

Таклифлар юзасидан мактабларнинг ўқитувчилари тажриба алмашинувини йўлга қўйиш, Оққўрғон мономарказида корейс тили ўргатиладиган қисқа муддатли ўқув курслари ташкил қилишга келишиб олиниб, икки томон ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер