Тошкент вилояти тадбиркорлик субъектларига 522 млрд сўм миқдорида ортиқча тўланган ҚҚС қайтариб берилди

15:54 15 Октябр 2021 Иқтисодиёт
796 0

Фото: Тошкент вилояти давлат солиқ бошқармаси ахборот хизмати

Вазирлар Маҳкамасининг «Солиқ тўловчиларни ҳисобга олишни янада такомиллаштириш ва қўшилган қиймат солиғининг ўрнини қоплаш тартибини соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.

Мазкур қарор билан интизомли солиқ тўловчиларга ўрни қопланиши лозим бўлган қўшилган қиймат солиғи суммасини қайтаришни тезлаштирилган тартибда амалга оширилиши белгиланмоқда.

Солиқ тўловчиларни ҚҚС тўловчиси сифатида махсус рўйхатдан ўтказишнинг янги тартибига кўра солиқ органлари томонидан уларнинг фаолияти 7 кунлик муддатда автоматлаштирилган тизим орқали таҳлилдан ўтказилиши ва солиқ хавфининг паст, ўрта ҳамда юқори даражаларига ажратилиши назарда тутилган.

Унга кўра:

солиқ хавфи паст даражада бўлган солиқ тўловчилар тўғридан-тўғри махсус рўйхатдан ўтказилади ва ҳеч қандай солиқ назорати тадбирлари амалга оширилмайди;

солиқ хавфи ўрта даражада бўлган солиқ тўловчилар кейинги келадиган ўн икки ой ичида солиқ назоратининг текширув тадбирларини ўтказиш шарти билан махсус рўйхатдан ўтказилади;

солиқ хавфининг юқори даражасига тушган солиқ тўловчиларнинг аризаси рад қилиниши ёки мавжуд ҚҚС гувоҳномалари ушбу камчиликлар бартараф этилгунга қадар автоматик равишда вақтинча тўхтатилиши белгиланмоқда.

Шунингдек, ҚҚС суммасини ҳисобга олиш ҳуқуқи солиқ тўловчиларда ҳамда уларнинг контрагентларида фаол ҚҚС гувоҳномасининг мавжудлиги билан белгиланмоқда.

Тошкент вилояти давлат солиқ бошқармаси ахборот хизмати томонидан маълум қилинишича, биргина Тошкент вилоятида фаолият юритаётган хўжалик юритувчи субъектларининг 11 671 таси қўшилган қиймат солиғи тўловчилар бўлиб, жами рўйхатдан 161 026 та тадбиркорлик субъектларнинг 1 559 таси солиқ хавфи паст даражада бўлган, 13 476 таси солиқ хавфи ўрта даражада бўлган, 145 991 таси солиқ хавфининг юқори даражасига тушган солиқ тўловчилардан иборат.

Жорий йилнинг ўтган даврида тадбиркорлик субъектларига 522 млрд сўм миқдорида ортиқча тўланган қўшилган қиймат солиғи қайтарилди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер