Тошкент шаҳрида дарахтларни муҳофаза қилиш масаласи юзасидан сенаторлик сўрови юборилди

18:34 06 Апрель 2026 Сиёсат
391 0

Фото: Олий Мажлис Сенати

Олий Мажлис Сенатининг Ёшлар, хотин-қизлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси раиси Орзигул Қозихонова Тошкент шаҳар ҳокими Шавкат Умурзаков номига сенаторлик сўрови йўллади.

Сўровда сўнгги йилларда мамлакатда аҳоли пунктларини кўкаламзорлаштириш, дарахт ва буталарни муҳофаза қилиш, яшил ҳудудларни кенгайтириш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, жумладан, дарахтларни кесишга мораторий жорий этилгани ва унинг муддати узайтирилгани алоҳида таъкидланган.

Шунингдек, амалдаги қонунчиликка мувофиқ, дарахтларни ноқонуний кесиш, шикастлаш ёки йўқ қилиш учун жавобгарлик кучайтирилгани, қоидабузарлар зиммасига кесилган дарахтлар ўрнига кўчат экиш ва уларни парвариш қилиш мажбурияти юклатилгани қайд этилган.

Шунга қарамай, айрим ҳудудларда дарахтларни кесиш ҳолатлари сақланиб қолаётгани аҳоли норозилигига сабаб бўлаётгани билдирилган. Жумладан, сенаторларнинг Тошкент шаҳри Чилонзор тумани аҳолиси билан учрашувлари давомида фуқаролар жорий йил февраль ойида «Ботирма» маҳалласи 17-мавзе, 33-уй атрофидаги ҳудуд ўраб олингани, қурилиш ишларига тайёргарлик кўрилаётгани ва кўп йиллик дарахтлар кесилиши хавфи мавжудлигидан хавотир билдирган.

Мазкур ҳолатдан келиб чиқиб, сенаторлик сўровида ушбу ҳудуднинг ҳозирги ҳолати, уни ўраб олиш сабаблари, режалаштирилаётган ишлар ва уларнинг шаҳарсозлик меъёрларига мувофиқлиги юзасидан изоҳ сўралган. Шунингдек, ҳудуддаги дарахтлар инвентаризацияси ўтказилган-ўтказилмагани ҳамда уларни муҳофаза қилиш ва кесилишининг олдини олиш бўйича қандай чоралар кўрилаётганига аниқлик киритиш талаб қилинган.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер