«Тошкент – Самарқанд», «Самарқанд – Навоий – Бухоро» йўналишларида тезюрар поездлар учун янги темир йўл қурилади
Фото: Президент матбуот хизмати
Инсон капиталини ривожлантириш мамлакатимиз барқарор ва узоқ муддатли иқтисодий ўсишининг мустаҳкам пойдевори ҳисобланади.
Бу борада сўнгги саккиз йилда мактабгача таълим қамрови 27 фоиздан 74 фоизга оширилди. Янги мактаблар қурилиб, қўшимча 800 мингта ўқувчи ўрни яратилди. Олий ўқув юртлари сони 200 дан ошиб, қамров 9 фоиздан 38 фоизга етди.
Ўзбекистон келгуси 3-4 йилда мактабгача таълим қамровини камида 80 фоизга етказишни мақсад қилган. Бунинг учун хусусий сектор билан бирга 240 минг ўринли боғчалар барпо этилади.
Шунингдек, келгуси йилдан бошлаб давлат-хусусий шериклик асосида ҳар йили барча шаҳар ва қишлоқларда энг илғор стандартларга мос келадиган 100 тадан янги мактабларни ишга тушириш режа қилинган. Бунга келгуси йилларда 2 миллиард доллар инвестиция киритилади.
Президент таълимдаги лойиҳаларни халқаро молия ташкилотлари билан ҳамкорликнинг янги истиқболли йўналиши сифатида белгилаб олишни таклиф қилди.
Ҳисоб-китобларга кўра, Ўзбекистонда энергетика, сув, транспорт, IT ва бошқа инфратузилмаларни яхшилаш учун йиллик эҳтиёж ялпи ички маҳсулотнинг 10 фоизига тенг.
Шу маънода, Президент бугунги анжуман “Барча учун барқарор инфратузилма яратиш” мавзусида ўтказилаётгани олқишлади.
Бу борада халқаро молия ташкилотлари билан яқиндан ҳамкорлик қилиб, катта тажриба орттирилди. Бунинг натижасида ушбу соҳаларга хусусий сектор фаол кириб бормоқда.
Ўзбекистонда 2030 йилгача 30 миллиард долларлик давлат-хусусий шериклик лойиҳаларини амалга ошириш бўйича катта дастур қабул қилинган.
Хусусан, “Тошкент – Самарқанд” ва “Тошкент – Андижон” йўналишларида пуллик автомобиль йўллари, “Тошкент – Самарқанд”, “Самарқанд – Навоий – Бухоро” йўналишларида тезюрар поездлар учун янги темир йўл қуриш лойиҳалари амалга оширилади.
Республиканинг 6 та халқаро аэропортини модернизация қилиш давлат-хусусий шерикликка берилади.
Шунингдек, келгуси беш йилда электр, сув ва газ тақсимлаш тармоқларини бошқариш хусусий операторларга ўтади. Масалан, Самарқанд вилоятининг электр тармоқларини бошқарувга олиш бўйича ўтказиладиган тендерга 50 дан зиёд хорижий нуфузли компаниялар ўз қизиқишини билдирди.
Шу билан бирга, бизда ҳар йили 100 мингдан зиёд хонадонли уй-жойлар қурилмоқда. Масалан, Тошкент, Самарқанд, Наманган ва Андижон каби йирик шаҳарлар ҳамда қолган вилоятлар марказларига йўлдош “Янги Ўзбекистон” шаҳарчаларини қуриш бўйича катта лойиҳалар амалга оширилмоқда.
Президентимиз ўрта шаҳарларни ривожлантириш бўйича 200 миллион долларлик, қишлоқ жойларидаги инфратузилмани яхшилаш бўйича 130 миллион долларлик лойиҳалар Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки билан ҳамкорликда бошлаганганини алоҳида эътироф этди. Банк ва бошқа ҳамкорлар билан бундай инфратузилмавий лойиҳалар янада кенгайтирилишига ишонч билдирди.
“Биз келгуси йилларда яна 18 гигаватт қуёш ва шамол, 3 гигаватт гидро электр станциялари, 5 гигаватт энергия жамлаш сиғимлари ҳамда 5 миллиард долларлик электр тармоқларини ишга туширамиз.
Мазкур лойиҳалар орқали йирик “яшил” маълумотлар марказларини ҳам яратмоқчимиз. Бу – барча халқаро молия ташкилотлари учун ҳам жозибадор лойиҳа бўлади, деб ҳисоблайман.
Шу билан бирга, қайта тикланувчи энергия манбалари ҳисобидан йилига 100 миллион долларлик “яшил” сертификатлар бозори шаклланиб, бу халқаро молия ташкилотлари билан ҳамкорликнинг янги истиқболли йўналиши бўлишига ишонаман.
Қўшни мамлакатлар ҳам қайта тикланувчи энергия манбалари бўйича катта лойиҳаларни бошлаганини қайд этиш лозим. Келгуси йилларда қайта тикланувчи энергия ресурсларига бой Марказий Осиё жаҳон энергетика бозорларига “яшил” энергия етказиб берадиган йирик экспортчига айланиши учун катта қадамлар ташлаяпмиз. Бу борада Транскаспий электр тармоғини барпо этиш лойиҳаси катта салоҳиятга эга эканини алоҳида таъкидламоқчиман”, деди давлатимиз раҳбари.
Президент Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки бошчилигида Марказий Осиёда “яшил” энергияни ривожлантириш дастурини амалга оширишни таклиф қилди.
Бугунги кунда Марказий Осиё аҳолиси 80 миллиондан ошди. Минтақанинг ялпи ички маҳсулоти келгуси беш йилда 700 миллиард долларга етиши кутилмоқда.
Шу билан бирга, минтақамизда йирик инфратузилма лойиҳаларига талаб кун сайин ортиб бормоқда. Ҳозирда амалга ошириш бошланган “Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон” темир йўлини қуриш ана шундай йирик минтақавий инфратузилма лойиҳасига яққол мисолдир.
Бундан ташқари, Марказий Осиёда озиқ-овқат хавфсизлиги ва сув ресурслари тақчиллиги муаммолари айниқса ўткир тус олмоқда.
“Ўзбекистон бу борада ўз стратегиясини ишлаб чиқиб, келгуси беш йилда сувдан фойдаланиш самарадорлигини 25 фоизга ошириш орқали 15 миллиард куб метр сувни тежаш бўйича катта лойиҳаларни бошлаган.
Лекин сув муаммосини ҳал қилиш бутун минтақа давлатлари ва халқаро молия ташкилотларининг биргаликда ишлашини талаб қилади.
Шу боис, Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки билан ҳамкорликда сув тежайдиган технологияларни кенг жорий қилиш бўйича минтақавий марказ ташкил этиш ташаббусини илгари сурмоқчиман. Ўйлайманки, қўшниларимиз ҳам бу ташаббусимизни қўллаб-қувватлайди”, деди Президент.
Ўзбекистон барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш йўлида Осиё инфратузилмавий инвестициялар банкининг ҳиссасини юқори баҳолайди.
Бугунги кунда инфратузилма, энергетика, транспорт, сув таъминоти ва барқарор ривожланиш йўналишида Банк билан 3 миллиард долларлик 15 та лойиҳа амалга оширилмоқда
“Мамнуният билан айтишим керакки, буларнинг ҳисобидан Ўзбекистон банкнинг топ-10 та ҳамкоридан бирига айланди.
Мисол учун, Банк билан ҳамкорликда Бухоро вилоятидаги ичимлик суви тармоқларини яхшилаш бўйича 720 миллион долларлик лойиҳа қарийб 1,5 миллион аҳолини тоза ичимлик суви билан узлуксиз таъминлайди. Ёки “Бухоро – Хива” темир йўлини электрлаштириш лойиҳасини ишга тушириш натижасида Хива шаҳрига йилига қўшимча 1 миллион турист жалб қилиш имконияти яратилади.
Таъкидлаш керакки, шу кунларда Банк билан келгуси уч йилда яна 4 миллиард долларлик лойиҳалар дастурини амалга оширишга келишиб олдик”, деди Президент.
Давлатимиз раҳбари Ўзбекистон билан биргаликда лойиҳаларни амалга ошираётган ва кенг кўламли ислоҳотларни қўллаб келаётган Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки президенти Цзинь Лицюнга, Банкка аъзо давлатлар ҳукуматлари ва бошқарувчиларига яна бир бор чуқур миннатдорлик билдирди.
Шунингдек, анжуманда иштирок этаётган Жаҳон банки, Осиё тараққиёт банки, Европа тикланиш ва тараққиёт банки, Европа инвестиция банки ҳамда йирик компания ва инвесторларга ўзининг алоҳида ҳурмат ва эҳтиромни изҳор этди.
“Келгуси икки кунда Банк бошқарувчилари олдида жуда муҳим глобал ва минтақавий муаммоларга замонавий ёндашувлар асосида ечимлар топиш, янги лойиҳа ва дастурларни муҳокама қилиш каби масъулиятли вазифалар турибди.
Сизлар қабул қиладиган қарорлар Банкка аъзо мамлакатларда яшайдиган 6 миллиарддан зиёд аҳолининг кундалик ҳаётига бевосита таъсир қилади.
Ушбу улкан вазифаларни амалга оширишда сизлар ўзингизнинг чуқур билим, бой тажриба ва куч-ғайратингизни аямайсизлар, деб ишонаман”, деди Президент Шавкат Мирзиёев нутқининг якунида.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг