Тошкент давлат стоматология институти талабалари ва педагоглари Колумбия университетида малака оширади
Шу йил май ойида Cоғлиқни сақлаш вазири Амрилло Иноятов бошчилигидаги делегациянинг АҚШга хизмат сафари доирасида дунёга машҳур Колумбия университети раҳбарияти билан тиббий таълим бўйича қатор манфаатли келишувларга эришилган эди.
Бунинг амалий натижаси сифатида мазкур ўқув юрти декани, профессор Кристиан Столер Тошкент давлат стоматология институтига ташриф буюрди.
Меҳмон дастлаб иқтидорли талабалар, ёш мутахассислар ва профессор-ўқитувчилар билан давра суҳбати ўтказди.
Институт раҳбарияти билан бўлиб учрашувда эса бу ерда таҳсил олаётган 30 нафар иқтидорли талаба, 5 нафар докторант ҳамда 10 нафар педагогнинг академик алмашинув дастури бўйича Колумбия университетида малака ошириши юзасидан келишувга эришилди.
Эслатиб ўтамиз, Колумбия университети жаҳон рейтингида юқори поғоналарни банд этиб келмоқда. Қолаверса, у Қўшма Штатлардаги энг йирик тадқиқот муассасаси ҳисобланади. Ўқув юрти битирувчилари орасидан 104 нафар Нобел мукофоти, 30 нафар давлат раҳбари, жумладан, АҚШнинг тўрт президенти чиққан.
Жаҳон фармацевтика бозорида университет олимларининг кашфиёт ва ихтиролари (артрит, глаукома, саратон муолажасида қўлланиладиган дорилар ва ногиронлиги бор шахслар учун протезлар) ном қозонган.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг