Тошкент аэропортида фавқулодда вазиятларни бартараф этиш бўйича кенг кўламли машғулотлар ўтказилди
«Тошкент» халқаро аэропорти ҳудудида зилзила пайтида юзага келиши мумкин бўлган фавқулодда вазият оқибатларини бартараф этиш бўйича тактик-махсус ўқув машғулотлари ўтказилди.
Эҳтимолий вазиятга кўра, шаҳарда кучли зилзила содир бўлади. Натижада аэропортда жойлашган ва ичида одамлар бўлган бинолар қулаб тушади ҳамда омборда радиоактив моддалар сизиб чиқиши юзага келади. Фуқаро муҳофазаси органлари ходимлари аэропорт ишчиларини хавфсиз ҳудудларга эвакуация қилиш, жабрланганларни вайроналар остидан қутқариш, ярадорларни махсус жойлаштирилган тиббий чодирларга етказиш бўйича амалий машғулотларни бажаришди.
Шунингдек, Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг радиоактив моддалар билан ишлаш бўйича махсус гуруҳи билан биргаликда радиоактив моддаларни дезинфекция қилиш, тўплаш ва хавфсиз ҳудудга олиб бориш ҳаракатлари амалиётда ўрганилди. Машғулотлар якунида ходимларни аэропорт ҳудудидаги махсус бункерга эвакуация қилиш бўйича қўшма ҳаракатлар амалга оширилди.
Аэропортдаги машғулотлар жорий йил 15 ноябрдан 15 декабрга қадар республика бўйлаб ўтказилаётган «Ёнғин хавфсизлиги ойлиги» доирасида бўлиб ўтди. Тадбир табиий офатлар пайтида Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ва Тошкент аэропорти бўлинмаларининг идоралараро ўзаро ҳамкорлигини яхшилаш, шунингдек, аэропортда фавқулодда вазиятларни бартараф этиш бўйича шахсий таркибнинг тайёргарлигини оширишга қаратилган.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг