Тўрақўрғонда эҳтиёжманд оилаларга кўмак берилмоқда

11:40 24 Апрель 2020 Жамият
1021 0

Давлатимиз раҳбари 22 апрель куни бугуннинг долзарб вазифалари мавзусида ўтказилган видеоселектор йиғилишида коронавирус пандемияси билан боғлиқ мураккаб шароитда аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламини қўллаб-қувватлаш масаласига алоҳида тўхталиб, халқимизнинг тарихий ва маънавий қадриятларини, меҳр-саховат, оқибат ва ҳиммат каби юксак фазилатларини инобатга олган ҳолда, “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракатини йўлга қўйиш ташаббусини илгари сурди. Хайрли ташаббус жойларда фаол қўллаб-қувватланмоқда. Буни, жумладан, Тўрақўрғон туманида олиб борилаётган амалий ишлар мисолида ҳам кўриш мумкин.

Туман ҳокими Зулайҳо Маҳкамованинг топшириғига кўра, аввало маҳаллалардаги даромади ўта паст, кам таъминланган оилалар рўйхати шакллантирилди. Маълумотларга қараганда, айни пайтда тумандаги 1788 та оила, уларда яшовчи 7728 та фуқаро ижтимоий ҳимояга муҳтож. Ушбу хонадон соҳибларининг уч ой давомида қийналмай яшашлари учун кўмак зарур. Маҳаллий тадбиркор ва саховатпеша инсонлар бу ишни фақатгина давлатнинг ўзига ташлаб қўйишни эп кўришмади. Дастлабки куннинг ўзидаёқ ўнлаб тадбиркорлар, ташкилот ва корхоналар раҳбарлари саховат тадбирларида фаол қатнашиш таклифини билдиришди.

-Барча фермерларимиз хизматга тайёр. Улар давлатимиз томонидан яратиб берилган шароитлар туфайли бой бўлишяпти, шундай экан эл бошига иш тушган нозик паллада қараб туришармиди. Мендан ҳаммаларининг номидан сўзлашни илтимос қилишди. Бири озиқ-овқат, бошқаси кийим – кечаклар билан кўмак беришни диллаган, -дейди туман ҳокимининг қишлоқ хўжалик масалалари бўйича ўринбосари Муҳаммаджон Аппоқов.

Дарҳақиқат, мардлар майдонда синалади. Бугунги кун ҳам асли бир синов майдони, бундай вазиятда бир-бирига елкадош бўлаётган инсонлар сафи ортаётгани қувонтиради. Улардан бири Алимардон Бозоров асли йилқичилик ва боғдорчиликка ихтисослашган фермер хўжалиги раҳбари. У фермерликдан ташқари Тўрақўрғонда мева-сабзавотларни хорижга экспорт қилувчи тадбиркор ҳам. Шунга яраша анчагина дасти узун инсонлардан. Фермер Юртбошимизнинг “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракати давлатимиз ва халқимиз қудратининг амалий намоёнидир, деган сўзларига жавобан хайрли ишлар кўламини янада кенгайтирди. Бир муддат аввал Россия давлатидан 70 тонна картошка олиб келган эди. Аҳолига арзон нархларда сотилмокда.

Саховатпеша тадбиркор яқинда Шоҳидон қишлоғидаги 600 га яқин хонадонга 5 килограммдан картошка ва бошқа маҳсулотларни етказди, 200 та эҳтиёжманд ва боқувчисини йўқотган оилалар, якка ёлғизлар хонадонини алоҳида йўқлади. Ана шундай хонадонлардан бирида яшовчи 2017 йил Актобеда автобус ёниб кетиши натижасида икки нафар норғул набирасидан ажраб, унинг армони ҳамон қалбидан аримаган 80 ёшли Ҳусниддин ота Исомиддинов бу кунларни синовли деб билиб, ҳаётда ўлим бўлмаса барчасини биргаликда енгиш мумкинлигини айтиб ҳаммани дуо қилди.

Шундай қилиб, олдинда турган уч ой давомида фаол кўмак олиши лозим бўлган тўрақўрғонлик оилалар маълум бўлди. Айтиш мумкинки, улардан ҳеч бирининг рўзғори асло оқсаб қолмайди, ишсизликдан қийналаётганлар эса ўзига мос юмушга жалб этилади.

Қудратилла НАЖМИДДИНОВ,

“Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер