Тўқсонбосди – тўқсон кун боссин...

15:08 02 Декабрь 2021 Жамият
1200 0

Фото: «Халқ сўзи»

Тўқсонбости эрта кўклам, иликузди кезларида аҳоли дастурхонини сабзавот ва сервитамин кўкатлар билан тўлдириш ва бозорларда нарх-наво барқарорлигини таъминлашда муҳим ўрин тутади.  Шунингдек,   тўқсонбости усулида  саримсоқпиёз етиштириш ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорти ҳажмларини кўпайтиришнинг ўта мақбул манбаи сифатида ҳам тавсия этилади. 

Навоий вилоятида 2022 йил ҳосили учун фермер хўжаликлар томонидан ноябрь-декабрь ойларида очиқ майдон ва боғ-ток қатор ораларига жами 1 847 гектар майдонга ушбу усулда сабзавот экиш режалаштирилган. Экиш учун ерларни тайёрлаш, сифатли уруғликларни танлаш ва бу агротехник тадбир муддатини кечиктирмаслик бўйича Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси Навоий вилоят бошқармаси ҳамда туман бўлимлари томонидан мунтазам назорат тадбирлари олиб борилмоқда.   

– Тўқсонбости экинлари – пиёз, саримсоқпиёз, сабзи, лавлаги, седана ва  кўкатлар етиштириш учун шу кунга қадар вилоят бўйича  1 058 гектар ер майдони тайёрланиб, 978 гектар майдонда экиш ишлари бажарилди,– дейди «Ўзагроинспекция» Навоий вилояти бошқармаси матбуот хизмати раҳбари Зулфия Бобоева. – Экилган майдоннинг 901 гектари боғ-ток қатор орасига, 78 гектари очиқ майдонга тўғри келади.  Жумладан, 1 792 гектар майдонда пиёз экилиши режалаштирилган бўлса, бугунги кунга қадар 947 гектар майдонга ушбу экин тури,  27 гектарга седана, 5 гектар майдонга эса исмалоқ кўкати экилди.

Хатирчи туманида фермерлар томонидан 504 гектар майдонда тўқсонбости экинлари экилиши кўзда тутилмоқда. Ушбу усул хадиси ва даромадини олган фермерлар йил сайин экиш ҳажмини кенгайтирмоқдалар.

– Тўқсонбости мўмай пул,– дейди  «Алиев Абдуғани» фермер хўжалиги раҳбари А. Алиев. – Жорий йил олма, ўрик, ёнғоқзордан иборат боғ қатор ораларига  пиёз, саримсоқпиёз экдик. Кўкламдаёқ пулини олдик. Қўлингда нақд  пулинг бўлса, пахтаям, ғаллаям баравж бўларкан.

Бу йил эса яна 30 сотих майдонга қулупнай экяпмиз. Бундан ташқари 1 гектар ерга уруғлик пиёз экишни мўлжаллаб турибмиз. Седана ҳам экканмиз.  Бу жуда фойдали, доривор ўсимлик ҳисобланади. Насиб этса, келаси баҳорда етиштирилган маҳсулотларимизни бозорга олиб чиқамиз. Харидорини топиб, экспорт ҳам қиламиз.

Таъкидлаш жоиз, тўқсонбости фермер ва деҳқонга кутилмаган даромад келтириши билан бирга бозорларимизда нарх-наво барқарорлигини таъминловчи муҳим манба сифатида аҳоли розилиги ва эртанги кунга ишончининг мустаҳкам омили ҳамдир. Афсуски, бунинг аҳамиятига беписанд фермер ва деҳқонлар ҳам йўқ эмас.

Жорий йил туман бўйича 135 та фермер хўжалик майдонига тўқсонбости экинлари экилиши режалаштирилган,– дейди «Ўзагроинспекция»нинг Хатирчи туман бўлими қишлоқ хўжалиги экинлари уруғларини етиштирилиши ва таъминотини назорат қилиш шуъбаси катта инспектори Жамолиддин Бобомуродов. – Бу борада мунтазам назоратни олиб боряпмиз. Натижада экин экишни кечиктирган, ерларни ўз вақтида тайёрламаган 22 нафар фермерга огоҳлантириш, 8 нафарига эса ёзма кўрсатма берилди. 

Номи тўқсонбости бўлган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришнинг ушбу усули аслида узоқ тарихга эга. Унинг омилкорлиги шундаки, вақтида экиб,  ёғин-сочинли кунларга қолдирмай ундириб олиш зарур. Шунда у тўқсон кун ўтиб,  ўз самарасини беради.

                                                                               Темур ЭШБОЕВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер