«Толибон» ҳаракати Туркияга жиддий таҳдид қилди
Фото: Reuters
«Толибон» ҳаракати Туркия ҳарбийларининг Афғонистонда қолишига кескин қарши чиқди.
«Туркия ҳукумати томонидан АҚШ илтимоси ва қарорига мувофиқ мамлакатимизга қарши тажовуз давом эттирилиши тўғрисида эълон қилиниши бизда нафрат ва адоватни келтириб чиқарди ҳамда бу икки томонлама муносабатларга зарар етказади», дейилади «Толибон» ҳаракатининг бугун Афғонистон ОАВда чоп этилган баёнотида.
Унда айтилишича, Афғонистонда қайси мамлакат бўлишидан қатъий назар, хориж давлатлари ҳарбий кучларининг мавжудлигига тажовузкорлик сифатида қаралади.
Таъкидланишича, хориж давлатларининг қўшинларини Афғонистондан олиб чиқиш тўғрисидаги қарор Бирлашган Миллатлар Ташкилоти томонидан ратификация қилинган Доҳа келишуви асосида амалга оширилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, 2020 йилда Қатар пойтахти Доҳа шаҳрида АҚШ ва «Толибон» ҳаракати 14 ой ичида Афғонистондан хориж давлатларининг ҳарбий қўшинларини олиб чиқиб кетишни ва афғонлараро мулоқотни бошлашни назарда тутувчи тинчлик битимини имзолаган эди.
«Туркия ҳукуматининг қарори мамлакатимиз суверенитети, минтақавий хавфсизлик ва миллий манфаатларга зиддир. Биз ҳеч кимнинг ишига аралашмаймиз ва ҳеч кимнинг бизникига аралашишига йўл қўймаймиз», дейилади баёнотда.
«Толибон» агар расмий Анқара ўз ниятидан воз кечмаса, унинг оқибатлари учун жавобгарлик тўғрисида огоҳлантирмоқда.
Шу йилнинг май ойида АҚШ президенти Жо Байден ҳамда Туркия президенти Режеп Таййип Эрдоған НАТОнинг Афғонистондаги миссияси тугагандан сўнг турк ҳарбийлари Кобул аэропорти хавфсизлигини таъминлашда етакчи роль ўйнашини назарда тутувчи келишувга эришган эди.
Июнь ойида эса Туркия мудофаа вазири Ҳулуси Акар турк ҳарбийларини тегишли шартлар асосида Кобул аэропорти хавфсизлигини таъминлашга тайёрлигини тасдиқлади.
Июнь ойи ўрталарига келиб Эрдоған НАТО қўшинлари Афғонистондан олиб чиқилганидан сўнг АҚШ кўмаги билан Афғонистондаги ҳарбий контингентини сақлаб қолишга тайёрлигини эълон қилди.
Айрим манбаларга кўра, АҚШ ва Буюк Британия ҳамда НАТОнинг бошқа баъзи мамлакатлари ўзларининг дипломатик ваколатхоналарини ҳимоя қилиш учун Афғонистондаги ҳарбий кучларнинг бир қисмини сақлаб қолиш имкониятини ҳам кўриб чиқмоқдалар.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг