Тилга эътиборсиз – элга эътиборсиз!
Сўнгги пайтда, фарзандимни рус боғчага бераман, рус синфга бердим, деган гаплар қулоғимизга тез-тез чалиниб қолмоқда. Миллат келажаги ёшлар қўлида экан, уларни миллат тили бўлган ўзбек тилига бўлган муносабатини, энг аввал, оиладан бошлаш даркор.
Ўзбек тили – миллат тили. Нега энди, биз шу жонажон Ватанда ўсиб-улғайиб, яшаб туриб, ўз она тилимизда гаплашмаслигимиз керак. Бунинг учун турли баҳонамиз ҳам етарли. Баъзи ўзбек оилаларида ота-она рус тилида гаплашиб, фарзандларини ҳам ушбу тилда гаплашишга фаол ундайди. Уларга кўра, рус тилини билган боланинг дунёқараши кенг бўлар экан. Шу ўринда, ўз она тилини билмайдиган боланинг дунёқараши нечоғлик кенг бўлади, деган ўринли савол туғилади. Энг аввало, ота-оналарни ўзини она тилига ҳурмат борасида тарбиялаш лозим.
Шу ўринда, Президентимизнинг яқинда “Ўзбек тили байрами кунини белгилаш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини имзолагани миллат тарихи, миллат тили байрамининг нишонланиши учун муҳим қонуний асос бўлди.
21 октябрь — Ўзбек тили байрами куни. Ушбу кунни алоҳида байрам сифатида нишонланиши қарийб 30 йилдан бери кутилаётган эди. Давлат раҳбари томонидан имзоланган мазкур қарор тарихий воқеа бўлди.
Ўз навбатида жамиятда тилимизнинг мавқеини янада мустаҳкамлаш борасида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасида Давлат тилини ривожлантириш департаменти ташкил қилиниб, департамент таклиф ва ташаббуси билан Атамалар комиссияси тузилди.
Шу билан бир қаторда Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 20 январдаги қарорига кўра, барча давлат органлари, вазирликлар ва уларга тенглаштирилган ташкилотларда маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш масалалари бўйича маслаҳатчи лавозими ташкил қилинди.
Барча давлат идоралари ҳамда вазирликларда ушбу лавозимга филология ва журналистика соҳасида самарали фаолият юритган, бой тажрибага эга бўлган, малакали ходимларни ишга олиниши кўзда тутилган.
Ушбу янги лавозим барча давлат органлари ва вазирликларда жорий этилганлиги тўғрисидаги хабарларни тез-тез ўқиб турибмиз. Шу ўринда, ўринли савол туғилади. Янги жорий этилган лавозимга қабул қилинаётган ходимларни белгиланган мутахассислик асосида ишга қабул қилинишини ким назорат қилади?
Албатта, ушбу муҳим лавозимга муайян бир хулоса ва аттестация натижасида ишга қабул қилиш тил соҳасидаги янги ўзгаришлар учун хизмат қилади.
Амалий тажриба сифатида, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 27 июндаги “Оммавий ахборот воситалари мустақиллигини таъминлаш ҳамда давлат органлари ва ташкилотлари ахборот хизматлари фаолиятини ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори соҳада янги ўзгаришлар учун қонуний асос бўлди.
Мазкур қарор неча йиллардан буён номигагина матбуот котиби сифатида фаолият юритган, матбуот котиби сифатида расмий фаолият юритиши учун алоҳида штат йўқлиги сабабли маълум бир лавозимга олиниб, лекин матбуот котиби сифатида иш фаолиятини юритган матбуот котиблари учун ўзига хос муҳим янгилик, тарихий воқелик бўлди. Шу билан бирга, матбуот котиблари зиммасига ҳам масъулиятли вазифалар юкланди. Вазифаларнинг ижроси юзасидан Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги (АОКА) масъул ташкилот сифатида белгиланган.
Мазкур қарор талабларидан келиб чиқиб, барча давлат органлари, хўжалик бошқаруви органлари, вазирликлар, ҳокимликларда Ахборот хизмати фаолияти йўлга қўйилди. Улар учун етарли ва зарурий шароитлар яратиб берилди. Лекин, ушбу шароитлар барча идораларда бирдек яратилган, дея олмаймиз.
Шу ўринда, қарор биноан, давлат органлари ва ташкилотларининг ахборот хизматлари ходимлари устувор равишда журналистика соҳасида олий маълумотга эга бўлган шахслар орасидан лавозимга тайинланди ва мазкур лавозимга тайинланган матбуот котиблари Агентлик (АОКА) томонидан аттестациядан ўтказилди. Аттестация очиқлик тамойиллари асосида ўтказилиб, давлат идоралари ва ташкилотлари матбуот котибларининг аттестация натижалари эълон қилинди.
Матбуот котибларига Агентлик аттестациясидан ўтганлиги тўғрисида махсус сертификатлар топширилди. Бу эса, уларнинг соҳадаги мустақил фаолияти учун асос бўлди. Бугунги кунга келиб, айтишимиз мумкинки, барча давлат органлари, хўжалик бошқаруви органлари ҳамда вазирлик ва ҳокимликлар фаолияти юзасидан тўлиқ маълумот олишингиз, уларнинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаси билан яқиндан танишишингиз мумкин.
Шу ўринда, маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш масалалари бўйича маслаҳатчи лавозимига тайинлаш департамент хулосасига кўра олинадими, деган саволга жавоб бериш лозим.
Янги лавозимга тайинланган ходим учун ташкилотлар томонидан раҳбар ўринбосарларига тенглаштирилган барча ваколатлар берилиши назарда тутилган ва бу бугунги кунда амалий ижросини топмоқда.
Шу ўринда, мазкур муҳим лавозимга соҳада фаолият юритган филолог ва журналистлар ишга қабул қилинсагина, бу борада амалга оширилаётган ишларнинг ижобий самараси яққол кўринишини таъкидлаш жоиз. Бу жараён эса, худди матбуот котибларининг тегишли хулоса асосида ишга олиниб, аттестация қилиниши эса соҳанинг ривожи учун хизмат қилади, деб ўйлайман.
Бу борада, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигини мисол қилиб келтирмоқчиман. Мазкур лавозимга тайинлаган Шаҳноза Соатова фаолиятини нафақат филология соҳаси вакиллари, балки барча журналист блогерлар ҳам яхши танийди. У филология соҳасида катта амалий тажрибага эга бўлган мутахассис. Шаҳноза Соатованинг мазкур лавозимга ишга олиниши маънавий-маърифий соҳага ва давлат тилига оид қонун ҳужжатларига сўзсиз риоя этилиши, қонун ҳужжатларининг ўзбек тилида юритилишини таъминлайди.
Жорий йилнинг 9 март куни “Географик объектларнинг номларини, шунингдек, жамоат жойлари, кўчалар, бинолар пештоқидаги турли лавҳа ва рекламаларнинг қонун ҳужжатлари талабларига мувофиқлаштириш масалалари ҳамда жойларда Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 20 январдаги 34-сон қарорининг ижроси”га бағишланган йиғилишда айнан шу масалага эътибор қаратилди ва давлат тилини ривожлантириш чора-тадбирларининг ижросига оид қатъий талаблар белгиланди.
Таъкидлаш жоизки, ўзбек тилининг асл нуфузи ва мавқеини янада мустаҳкамлашда тил бўйича тегишли лавозимларда фидойи ва тажрибали соҳа мутахассисларининг фаолият юритиши таъминланса, ушбу йўналишда салмоқли ютуқларга эришилади, соҳада янги ўзгаришларга хизмат қилади. Зеро, бу борада, амалий тажрибаси бой, тил бўйича ҳақиқий мутахассисларнинг ҳиссасини эътироф этишимиз лозим.
Шундай экан, бизнинг улардан умидимиз катта.
Ҳулкар ЖЎРАЕВА,
журналист.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг