Темирчилик саноат зонаси очилади
Бувайда туманининг “Деҳқонобод” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида барпо этилаётган темирчилик саноат зонасига тамал тоши қўйилди.
Таъкидлаш жоиз, ушбу йўналиш маҳалла драйвери сифатида белгиланган бўлиб, бугунги кунда ҳудуддаги 1 минг 300 нафардан зиёд аҳоли темирчилик билан шуғулланади. Айни пайтда аҳоли хонадонларида тайёрланаётган уй-рўзғор, қишлоқ хўжалиги ва қурилиш маҳсулотлари мамлакатимизнинг барча ҳудудларида харидоргир ҳисобланади.
Деҳқонободликларнинг тадбиркорлик фаолиятини замонавий мезонлар асосида ривожлантириш мақсадида ҳудудда шаҳарсозлик меъморчилиги анъаналари бўйича 7 гектар майдонда темирчилик саноат зонаси ташкил этишга киришилди.

— Истиқболли лойиҳалар доирасида 6 миллион долларлик инвестиция киритилиши эвазига саноат зонасида 150 га яқин ишлаб чиқариш объекти ҳамда 30 та савдо дўкони ишга туширилиши режалаштирилмоқда, — дейди “Деҳқонобод” МФЙ ҳоким ёрдамчиси Шоҳаббос Собиржонов. — Бунинг самараси сифатида саноат зонасида 1100 та янги иш ўрни яратилиши мақсад қилинган. Йилига 110 миллиард сўмликдан ортиқ 100 турдаги қурилиш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқариш имконини берувчи саноат зонасида бунёдкорлик ишларини жорий йилнинг учинчи чорагида якунлаш кўзда тутилган.
Ботир МАДИЁРОВ, “Халқ сўзи”.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг