Тошкентда гаражлар ўрнига кўп қаватли автотураргоҳлар қурилади
Тошкентда аҳоли турар жойлардаги эски темир гаражлар ўрнига замонавий кўп қаватли парковкалар қурилади, деб ёзади Sputnik.
«Ҳозирда биз кўп қаватли тураргоҳлар қуриш учун бир нечта жойларни кўриб чиқяпмиз. Масалан, Bibigon кафесининг орқа томонида айни вақтда темир гаражлар жойлашган жой бор, яна битта шундай жой — Қорасув-6 да. Ҳозирча аниқ манзилларни ва бундай автотураргоҳларнинг аниқ сонини айтиш қийин», — дейди Мирзо Улуғбек тумани ҳокими Шавкатбек Эргашев.
Унинг сўзларига кўра, бундай қурилишни бошлаш учун кўплаб ҳужжатларни мувофиқлаштириш керак. Масалан, Мирзо Улуғбек туманида кўп қаватли тураргоҳларни барпо этиш учун бир қатор жойлар март ойидаёқ аниқлаб олинган.
«Ўйлайманки, йилнинг иккинчи ярми, масалан, июлдан бу қурилишлар кўриниб қолади. Бундай қурилиш муқаррар, чунки келажак айнан шундай тураргоҳлар ортида, бошқа йўл йўқ. Ахир бундай амалиёт дунё тажрибасига асосланган», — дея ўз фикрини билдирган ҳоким.
Автотураргоҳларнинг қаватларининг сони лойиҳа ва қурилиш учун танлаб олинган жойга боғлиқ бўлади деб қўшимча қилди Эргашев. Унинг тахминига кўра, тураргоҳлар мисол учун, ер ости ва икки-уч ер усти қаватларига эга бўлиши мумкин.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг