Ташаббускор инвестормисиз? Қўшработга марҳамат!

11:53 18 Октябр 2021 Жамият
736 0

Фото: Абдулазиз Йўлдошев / «Халқ сўзи»

Қўшработ тумани Самарқанд вилоятининг олис туманларидан бири бўлиб, яқин-яқингача бу ерда аҳоли асосан чорвачилик билан шуғулланган. Бугун эса 7 мингга яқин тадбиркорлик субъектлари фаолият кўрсатаётган мазкур туманда йирик инвестиция лойиҳалари амалиётга изчил йўналтирилмоқдаки, натижада ҳудуднинг ижтимоий-иқтисодий ҳаёти жадал суръатда ривожланмоқда.

Айтиш керакки, Қўшработга 2019 йилга қадар тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар жалб этиш ҳолати деярли кузатилмаган. Сўнгги икки йилда эса туман иқтисодиётига умумий қиймати 5 млн. АҚШ доллари миқдорида тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар киритилди. Бунинг самараси ўлароқ қатор ишлаб чиқариш корхоналари барпо этилди, юзлаб иш жойлари яратилди, туманнинг иқтисодий кўрсаткичлари ўса бошлади.

Таҳлилларга кўра, туманда 2019 йилда 7 та хорижий ва қўшма корхона ташкил этилган бўлса, 2020 йилда улар сони 18 тага, жорий йилда эса 23 тага етди. Икки йил олдин тўртта экспортчи корхона томонидан фақатгина Хитой давлатига майиз маҳсулоти чиқарилган. Бугун эса 18 экспортчи корхоналар  чиқараётган маҳсулотлар тури ҳам, географияси  ҳам сезиларли кенгайди.

Лекин ҳали фойдаланилмаган имкониятлар, ишга солинмаган ресурслар жуда кўп. Мисол учун, қишлоқ хўжалиги йўналишида янги токзорлар ташкил этиш, маҳсулотларни сақлаш, қайта ишлаш ва қадоқлаш бўйича корхоналар фаолиятини йўлга қўйиш мумкин. Сабаби, туманда 2018 йилда 3100 гектар узум майдонлари мавжуд эди, ҳозир эса токзорлар 7 минг гектардан ошди. 2022 йилда бу рақам 10 минг гектардан ошиши кутилмоқда. Бундан ташқари туманнинг барча тоифадаги хўжаликларида 106 минг бош йирик шохли, 408 минг бош майда шохли чорва бор. Аммо ҳозиргача туманда тери ва жунни қайта ишлаш корхонаси ташкил этилмаган.

Тоғ-кон саноати йўналишида мармар, гранит ва кварц тошларини қазиб олиш ва пардозлаш ёки давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 26 ноябрдаги “Қимматбаҳо металларни олтин изловчилар усулида қазиб олиш фаолиятини амалга ошириш учун шарт-шароитлар яратиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида олтин қазиб олиш фаолияти билан шуғулланиш, заргарликни йўлга қўйиш мумкин.

Дарвоқе, Қўшработ туманидаги Заркент шаҳарчаси кончилар маскани ҳисобланади. Бу ерда Навоий кон-металлургия комбинатининг Жанубий кон бошқармасига қарашли “Зармитан” ва “Ғужумсой” конлари ҳамда ишлаб чиқариш корхоналари мавжуд. Уларда нафақат қўшработлик, балки юртимизнинг турли ҳудудларидан келган ишчи-хизматчилар, кончилар меҳнат қилади. Шаҳарчада ана шу ишчи-ходимлар ва уларнинг оила аъзолари учун муносиб турмуш шароити, замонавий инфратузилма яратилган.

Аммо ҳудудда хизматлар йўналишида ҳам мавжуд салоҳиятдан етарли даражада фойдаланилмоқда, дейиш қийин. Биргина Заркент шаҳарчасида замонавий меҳмонхонага эҳтиёж сезилади. Ҳозир мавжуд иккита кичик меҳмонхона бу эҳтиёжни тўла қондира олмайди. Бундан ташқари Пангат ва Қизилбел ҳудудларида маҳаллий ва хорижлик сайёҳлар учун ёзги дам олиш масканлари очилса, нур устига аъло нур.

-Агарда шу ва бошқа йўналишларда иш бошлаш учун туманимизга инвесторлар келадиган бўлса, уларга  бир ярим-икки соат ичида рўйхатдан ўтказиб,  фаолият бошлаши учун барча шароитни яратиб берамиз, - дейди Қўшработ туман ҳокими ўринбосари Ш. Раззоқов. - Шунингдек, вилоятнинг салоҳиятли инвесторларига туманимиздаги “Оқчобсой” сув омборини ишга тушириб, ундан фойдаланган ҳолда қишлоқ хўжалиги бўйича лойиҳаларни амалга ошириш бўйича таклифимиз ҳам бор.

Хуллас, туманда салмоқли инвестицион лойиҳаларни амалга ошириш учун имконият етарли, фақат ташаббус ва интилиш бўлса, бас.

 

  Абдулазиз ЙЎЛДОШЕВ,

“Халқ сўзи” мухбири.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер