Ташаббус кўрсатиб ишлаш вақти келди

13:54 12 Сентябр 2021 Жамият
1030 0

Ҳасан ПАЙДОЕВ - “Халқ сўзи”

Ташаббус, янгиликка интилиш, замон талабларига мослашган ҳолда ишни ташкил этиш фаолият самарадорлигини таъминлайди. Бу бугунги кундаги ўзгаришлардан ҳам аён. Сабаби ҳар соҳада инновация, янги ғоя ва ташаббус татбиқ этилиши туфайли улкан янгиланишларга гувоҳ бўляпти.

Биргина секторлар фаолияти ва уларнинг уйма-уй юриш тизимини олайлик. Бу мувжуд муаммолар ечимида, аҳоли билан юзма-юз учрашув ва очиқ мулоқотни йўлга қўйиш орқали одамларни рози этишда муҳим ўрин тутяпти.

Хусусан, Учқўрғон тумани прокуратураси ташаббуси асосида сектор ҳудудини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ҳамда янги иш ўринларини яратиш борасида муайян ишлар амалга оширилмоқда.

Бунда асосий эътибор, ижтимоий муаммоларни бартараф этиш, тадбиркорликни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш орқали “темир дафтар”,  “ёшлар дафтари”, “аёллар дафтари”га киритилган фуқароларнинг бандлигини таъминлашга қаратилмоқда. 

— Ҳокимлик билан тузилган қўшма фармойиш асосида мутасадди идоралар ходимларидан иборат ташкил этилган ишчи гуруҳ томонидан бино ва ер майдонлари хатловдан ўтказилди, — дейди туман прокурори В. Мамадалиев. — Ўрганишларда 26 та фойдаланилмаётган бўш бино ва 5,2 гектардан ортиқ самарасиз ер майдонлари аниқланди. Бўш бино ва ер майдонларида фаолиятни самарали йўлга қўйиш мақсадида хизмат кўрсатиш, саноат ва қишлоқ хўжалиги йўналишида 64,1 млрд. сўмлик 24 та янги лойиҳалар шакллантирилди. Ҳар бир лойиҳа бўйича тармоқ жадваллари ишлаб чиқилиб, уларни фойдаланишга топширишга масъул идораларнинг вазифаси, муддати ва аниқ ижрочилари белгиланиб, кунлик назорат ўрнатилди.

Дарвоқе, 2-сектор саъй-ҳаракатлари билвн мазкур лойиҳа ташаббускорларини тўғридан-тўғри қўллаб-қувватлаш, мавжуд муаммоларни тезкорлик билан бартараф этиш мақсадида 26 та лойиҳа ташаббускорини янги тадбиркорлик субъекти сифатида давлат рўйхатидан ўтказишда кўмаклашилди.

Йигирмадан ортиқ ташаббускорларга 5,2 гектар ер майдонлари белгиланган тартибда ажратилди. 16 нафарига эса 19,1 млрд. сўм кредит ажратишда ёрдам кўрсатилди. Яна йигирмага яқин тадбиркорларга бўш бино ажратилиши, 25 нафарига бошқа муаммоларини ҳал этилишига кўмаклашилди.

Мазкур лойиҳалар амалга оширилиши натижасида долзарб ижтимоий-иқтисодий муаммоларни бартараф этиш, аҳоли учун муносиб ҳаёт шароитларини яратиш чоралари кўрилди. Жумладан, “Бахт” МФЙда аҳоли учун тиббий хизмат кўрсатиш аҳволини яхшилаш мақсадида 2,800 кв. метр ер майдони ҳамда маҳаллий бюджетидан 3 млрд. маблағ ажратилди. Натижада замонавий кўринишдаги 50 ўринга мўлжалланган ҚВП биноси фойдаланишга топширилди. Ҳозирда 9084 нафар аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатиб келиняпти.

Ташаббускор тадбиркор “Хуррият Севинчой” МЧЖга ер ва кредит маблағлари ажратишда кўмаклашилиши натижасида чекка ҳудудда 150 ўринга мўлжалланган 6 қаватдан иборат 12 млрд. сўмлик туғуруқхона ва диагностика тиббиёт комплекси қурилиши якунланиш арафасида турибди.

Туман прокурори В. Мамадалиевнинг таъкидлашича, савдо ва хизмат кўрсатиш шохобчалари эгаларининг 3 нафари юридик шахс ҳамда 19 нафари якка тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтказилган. Янги 22 та савдо ва хизмат кўрсатиш шохобчалари қурилиши қисқа муддат ичида якунланиб, 12 турдаги янги хизматлар ишга туширилди ва 2500 нафар аҳолига хизмат кўрсатмоқда.

“Exclusive universal service” МЧЖ раҳбари З.Салохиддиновага
0,72 гектар ер майдони ажратилишида ёрдам берилиши натижасида 5 та турдаги янги хизматлар ташкил этилди.

Тумандаги “Навбаҳор” ва “Яшиқ” МФЙлардаги яроқсиз бинолар тадбиркорларга маъмурий бино қуриш шарти билан ажратиб берилди. Ҳозирда ушбу тадбиркорлар томонидан ветеринария маъмурий бинолари замонавий кўринишда қайта қурилиб, фойдаланишга топширилди.

Шу билан бирга, тадбиркор Д.Жўраев томонидан 2 қаватли тикувчилик цехи қурилиб, 8 турдаги маҳсулот ишлаб чиқарилмоқда, тадбиркор Г.Эгамовага томонидан эса 200 тонна мошни қайта ишлаш, 50 ўринга мўлжалланган тикувчилик цехи қурилмоқда.

Туманда катта сиғимли мева-сабзавот маҳсулотларини сақлашга мўлжалланган музлаткич мавжуд бўлмагани сабабли тадбиркор Ш.Мамажоновага музлаткич қуриш учун 0,20 гектар ер майдони
ва 2,8 млрд. сўм кредит ажратилишида кўмаклашилди. Тадбиркор томонидан йилига минг тонна маҳсулотлар озиқ-овқат захирасини шакллантириш имкони яратилиб, мавсумий 65 нафар ва доимий 12 нафар ишсиз аҳоли бандлиги таъминланди.

Бу ҳали ҳаммаси эмас. “Атлас” МФЙдаги эски дала шийпони ўрни бўлган ташландиқ 0,30 гектар ер майдони тадбиркор Ш.Умарқуловга ажратилиб, томчилатиб суғоришга мўлжалланган иссиқхона қурилди. Шу йилда 40 тонна сабзавот маҳсулотлари ички бозорга йўналтирилди.

“Сурмахон Шермуҳаммад Гавхарой” фермер хўжалигига 4,5 млрд. сўм кредит ажратилишида ёрдам берилиб, 200 бош чорва моллари боқишга мўлжалланган замонавий чорвачилик комплекси қурилди. Шунингдек, ушбу хўжалик томонидан йилига 3600 тонна сут маҳсулотларини қайта ишлашга мўлжалланган бино қурилмоқда.

“Обод маҳалла” дастури асосидаги ишлар ҳам эътиборга молик.

— Секторга бириктирилган 15 та маҳалла фуқаролар йиғини тўлиқ хатловдан ўтказилиб, уларнинг 1 тасида биноси мавжуд эмаслиги, 5 таси яроқсиз ва 9 таси таъмирталаб биноларда фаолият кўрсатаётганлиги аниқланди, — дейди туман прокурори В. Мамадалиев. — Ўз биносига эга бўлмаган “Истиқлол” МФЙ учун фуқаролар томонидан ўзбошимчалик билан эгаллаб келинган 1,100 кв.метр ер майдони тадбиркорлар М.Зайниддинов ва Ш.Қодировларга давлат-хусусий шериклик шартлари асосида ажратилди. Тадбиркорлар томонидан 250 млн. сўм ҳисобига 4 хонадан иборат барча қулайликларга эга маҳалла биноси қурилди.

Шу билан бирга, ушбу тадбиркорлар ўз маблағлари ҳисобидан тикувчилик цехи, кутубхона, минерал ўғит сотиш, автомобилларга хизмат кўрсатиш, диагностика, савдо маркази ва гўзаллик салонини ўз ичига олган 2 қаватли комплекс қуриш орқали 80 та янги иш ўринлари яратилмоқда.

Худди шу каби, 5 та фаолият олиб бориш имкони бўлмаган, яроқсиз “Фаровон”, “Навбаҳор”, “Истиқлол”, “Узункўча”, “Халфатўпи” маҳала фуқаролар йиғини бинолари тадбиркорларга давлат-хусусий шериклик шартлари асосида ажратилишига кўмаклашилди.

Масалан, тадбиркор Х.Ортиқова томонидан 2 млрд. сўм ўз маблағи ҳисобидан 1-қавати маҳалла биноси ва 2-қавати 150 ўринга мўлжалланган тикувчилик цехи қурилмоқда. Шунингдек, 10 та маҳалла фуқаролар йиғини бинолари ҳомийлик ҳисобидан тўлиқ таъмирланди.

Энг муҳими, юқоридаги тадбирларнинг амалга оширилиши натижасида 159 та янги иш ўрини яратилиб, шундан 13 таси “темир дафтар”,
15 таси “аёллар дафтари”, 32 таси “ёшлар дафтари”га киритилган ҳамда 99 таси ишсиз фуқароларнинг бандлиги таъминланди. Лойиҳаларни тўлиқ ишга тушириш орқали қўшимча 378 та иш ўринлари яратилиши кутилмоқда.

Қолаверса, ­9234 нафар фуқарога тиббий хизмат кўрсатиш аҳволи яхшиланди ҳамда ­800 нафар ёшнинг спорт билан шуғулланиши учун шароит яратилди. Минг тонна озиқ-овқат маҳсулотлари захирасини яратиш имкони пайдо бўлди. 12 турдаги янги хизматлар ишга туширилиб, 2500 нафар аҳолига хизмат кўрсатиш сифати яхшиланди.

Амалга оширилган ишларнинг барчаси аҳоли турмуш фаровонлигини, маҳаллалар ободлиги, ишсизлар бандлигини таъминлашда муҳим ўрин тутмоқда. 2-сектор масъуллари бу борадаги ишларни изчил давом эттириш ниятида. Зеро, бугун ташаббус кўрсатиб ишлайдиган давр келди.

 

“Халқ сўзи”

Ҳасан ПАЙДОЕВ олган суратлар.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер