Тарих ва келажак чорраҳаси

20:24 18 Май 2022 Жамият
1013 0

Фото: Халқ сўзи

18 май – Халқаро музейлар куни

Ўтмишни билиш ва тарих ҳақиқатларини келгуси авлодларга безавол етказиш инсонийлик бурчимиз ҳисобланади. Зеро, давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, тарихий меросни асраб-авайлаш, ўрганиш ва авлодлардан авлодларга қолдириш давлатимиз сиёсатининг энг муҳим устувор йўналишларидан биридир. Музейлар бу борада энг таъсирчан ва самарали восита ҳисобланади.

Хусусан, Андижон вилоят тарихи ва маданияти давлат музейи, 88 йилдирки, халқимизга хизмат қилиб келмоқда.

— Ушбу маскан дастлаб қишлоқ хўжалиги кўргазмаси негизида «Ўлкашунослик» музейи сифатида ташкил топган, — дейди музей директори Ихтиёр Расулов. — Йиллар давомида тарихчилар, археологлар, филологлар, геологлар, биологлар ва бир қанча соҳа вакиллари томонидан олиб борилган изланишлар натижасида музейнинг илмий салоҳияти юксалди. Музейнинг малакали илмий ходимлари томонидан олиб борилган тадқиқотлар, экспедициялар натижасида қўлга киритилган минглаб осори атиқалар ўлка тарихи, маданияти, ҳайвонот ва наботот дунёси тўғрисида қимматли манбага айланиб борди. Музейда мавжуд экспонатларнинг сони кескин ортиши натижасида музей учун янги махсус бино зарурати пайдо бўлгани боис 1982 йилга келиб қулай бинога кўчиб ўтилди. Бугунги кунда музей биноси ноёб архитектура ёдгорлиги ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 11 декабрдаги «2017-2027 йилларда давлат музейлари фаолиятини такомиллаштириш ва моддий-техник базасини мустаҳкамлаш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастурини тасдиқлаш тўғрисида»ги қарорига асосан Андижон вилоят ўлкашунослик музейи ҳамда Андижон вилоят адабиёт ва санъат музейлари бирлашиб, унинг негизида Андижон вилоят тарихи ва маданияти давлат музейи қайта ташкил этилди. Натижада музей ўзининг янги ҳаётини бошлади. Унинг ҳозирда битта филиали ва бешта бўлими мавжуд. Кейинги икки йил ичида Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳамда Андижон вилоят ҳокимлиги кўмагида бош музей биносида реконструкция ишлари амалга оширилди. Музейнинг моддий-техник базаси бойитилди. Музей экспозиция ва кўргазма заллари қайта жиҳозланиб, янгиланди.

— Бугунги кунда музей фондида 151 мингдан зиёд бебаҳо археологик ёдгорликлар, ранг-тасвир асарлари, нумизматика, этнографияга оид экспонатлар, шунингдек, ўзбек халқи тарихининг муҳим босқичларини ўзида акс эттирган ноёб архив маълумотлари, қўлёзмалар, тарихий ҳужжатлар, фотоматериаллар ва бошқалар сақланмоқда, — дея суҳбатда давом этди музей директори. — Ҳудудда амалга оширилаётган қазишмалар, илмий изланишлар уларнинг сони йилдан-йилга ортиб боришига сабаб бўлмоқда. Ҳар бир экспонат халқимиз турмуш тарзи, маданияти ва урф-одатининг ёрқин ифодасидир.

Шунингдек, хорижий музейлар ва институтлар билан халқаро алоқаларни мустаҳкамлаш йўлида ҳам сезиларли ишлар амалга оширилди. 2017 йилдан буён Германиянинг Тошкентдаги Гёте институти билан ўзаро ҳамкорлик йўлга қўйилди. Натижада «Экологик онг - табиатдан сабоқ олмоқ», «Математикани қўлга ол!» деб номланган интерфаол кўчма кўргазмалар ташкил этилди. Қирғизистон Республикаси Ўш вилоятидаги «Сулаймон-тоғ» миллий-тарихий археологик музей мажмуаси билан имзоланган ўзаро дўстлик ва ҳамкорлик меморандуми қардош халқлар тарихидаги узвийликни ифода этишда муҳим ўрин тутмоқда.

Музейнинг ҳар бир экспонати ўзида тарихнинг бир бўлагини мужассам этади. Улар авлодлар оша халқимизнинг бой маданий-маърифий меросини намойишда этишда давом этаверади.

Саминжон ҲУСАНОВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер