Тараққиёт йўли – маърифатда
Фото: Халқ сўзи
Ҳар қандай мамлакат, жамиятнинг тақдири, келажаги бугун униб-ўсиб, катта ҳаётга кириб келаётган янги авлод таълим-тарбиясига боғлиқ. Шу маънода, ҳозирги кунда муҳташам таълим даргоҳлари, файзли ва ораста кўчаларимизда ҳар жиҳатдан баркамол, билимли, иккита-учта хорижий тилларда бемалол сўзлаша оладиган ёшларни кўрганда, қалбим ғурур-ифтихорга тўлади. Бу йигит-қизлар менга Ўзбекистоннинг нурли истиқболи, тинч ва фаровон келажаги тимсоли бўлиб кўринади.
Қарийб 50 йил – ярим асрдан буён таълим тизимида фаолият кўрсатаман. Ўқитувчилик ҳаётимнинг мазмунига айланган. Чорак асрдан зиёд вақт мобайнида Марғилон педагогика коллежида чет тиллар кафедрасида ўқитувчиси сифатида фаолият кўрсатиб келмоқдаман. Олий тоифали ўқитувчи, «Халқ таълими аълочиси» кўкрак-нишони соҳибиман. Энг муҳими, таълим даргоҳлари учун ўз касбини севиб-ардоқлайдиган мутахассислар тайёрлашдек шарафли юмуш менга ўзгача завқ бағишлайди.

Касб байрами муносабати билан муҳтарам Президентимизнинг ўқитувчи ва мураббийларга йўллаган табригини ўқиб. яна узоқ йиллар ғайрат-шижоат билан ишлагим келди. Табрикда жуда ўринли эътироф этилдики, муаллимнинг обрў-эътибори – бу аввало миллатнинг, бутун халқнинг обрў-эътиборидир.
Дарҳақиқат, кейинги йилларда жамиятимизда ўқитувчининг обрў-эътибори том маънода юксалди. Таълим даргоҳларининг моддий-техник базаси яхшиланди, олий таълимга қамров кўрсаткичи ошди. Таълимнинг ўрта бўғин тизимида ўқитиш, касб-ҳунарга йўналтириш борасида замон талабига мос ўзгаришлар бўлди.
2022-2026 йилларда халқ таълимини тизимини ривожлантириш бўйича Миллий дастур қабул қилингани, таълим тизимини ривожлантириш масаласи Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясида амалга ошириладиган энг асосий вазифалардан бири сифатида белгилангани ушбу соҳада ҳаётбахш ислоҳотлар изчил давом этишидан далолат беради.
Ҳар йили касб байрамида ҳамкасблар, шогирдлар эҳтироми қалбимни тоғдек юксалтиради. Шу боис эзгу мақсадлар йўлида давлатимиз раҳбарига елкадош бўлишни ўзимга шарафли бурч ҳисоблайман.
Сусана ПАРПИЕВА,
Марғилон педагогика коллежи ўқитувчиси.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг