Тақдимот китобхонлар байрамига айланиб кетди

19:55 05 Январь 2024 Жамият
634 0

Самарқанд вилояти ахборот кутубхона марказида Ўзбекистон Ёзувчилар ва Журналистлар уюшмаси аъзоси, шоир ва публицист, таржимон Тошпўлат Ўрхун (Тошпўлат Тугалов) нинг янги чоп этилган “Сурур” ҳамда “Умр карвони” номли шеърий китоблари ҳамда “Тонг юлдузи болалари” номли таржима асарининг тақдимот маросими бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Ёзувчилар ва Журналистлар уюшмалари ҳамда Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги вилоят бошқармаси ҳамкорлигида ўтказилган тадбирда иштирок этган таниқли шоир ва адиблар, адабиётшунос ва тилшунос олимлар, журналистлар, маънавият фаоллари ҳамда шеърият ихлосмандлари, ижодкорнинг яқинлари, дўстлари Тошпўлат Ўрхуннинг серқирра фаолияти, ижоди ҳақида ўз фикрларини билдиришди.

Олий Мажлис Сенати аъзоси, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист, адиб ва драматург Фармон Тошев, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, шоира Хосият Бобомуродова шоир асарларининг ғоявий-бадиий хусусиятларига кенгроқ тўхталдилар.

— Шеър — қалб туғёни, у қалбда туғилиб, қалбга боради, — деди Хосият Бобомуродова. — Тошпўлат Тугаловнинг шеърлари қалбдан чиқиб, қоғозларга тизилган. Унинг ҳар бир шеъри фалсафий мушоҳада билан йўғрилган. Ушбу китобларда эътиқод, бурч, инсонийлик тушунчалари қалб туғёни, виждон азоби, юрак қони билан бадиий тадқиқ этилган.

Филология фанлари доктори, профессорлар Жўлибой Элтазаров ва Шавкат Ҳасанов, Филология фанлари номзоди Толиб Жўраевлар ижодкорнинг янги китобларидан ўрин олган ижод намуналарининг бадиий қиймати, жанр хусусиятлари ҳақида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирдилар.

Тадбир давомида шоир ижодидан намуналар ўқилди.

Абдулазиз ЙЎЛДОШEВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер