Танзила Нарбаева Европа Иттифоқининг Марказий Осиё бўйича махсус вакили билан учрашув ўтказди
2025 йил 12 май куни Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Нарбаева Европа Иттифоқининг Марказий Осиё бўйича махсус вакили Эдуардс Стипрайс билан учрашув ўтказди. Учрашувда Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи ўртасидаги парламентлараро ҳамкорлик масалалари муҳокама қилиниб, бу алоқаларни янги босқичга олиб чиқиш зарурлиги таъкидланди. Томонлар долзарб минтақавий ва глобал масалалар юзасидан фикр алмашиш, шунингдек, тажриба ва ахборотлар билан ўзаро бўлишишни давом эттиришга тайёр эканликларини билдирди.

Мулоқот чоғида Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган «Марказий Осиё — Европа Иттифоқи» биринчи саммитининг аҳамияти алоҳида қайд этилди. Мазкур саммит икки минтақа ўртасида ўзаро ишонч ва барқарор мулоқотни мустаҳкамлашда муҳим пойдевор бўлгани таъкидланди. Бу каби учрашувлар сиёсий, иқтисодий ва маданий йўналишларда ҳамкорликни чуқурлаштиришга хизмат қилаётгани эътироф этилди.
Шунингдек, Тошкент шаҳрида 2025 йил апрел ойида муваффақиятли ўтказилган Парламентлараро иттифоқнинг 150-юбилей ассамблеяси доирасида Европа давлатлари парламенти вакиллари фаол иштирок этгани юқори баҳоланди. Ассамблея доирасида қабул қилинган ҳужжатларнинг Европа Иттифоқи томонидан қўллаб-қувватлангани ушбу ҳамкорликда юксак даражадаги сиёсий ирода мавжудлигини кўрсатди.
Томонлар сиёсий мулоқотни изчил давом эттириш, қонунчилик жараёнида илғор ёндашувлар алмашинуви, парламентлараро алоқаларни мустаҳкамлаш ва ўзаро ташрифлар фаоллигини ошириш борасидаги саъй-ҳаракатларни кучайтиришга келишиб олдилар. Учрашув дўстона ва конструктив руҳда ўтди.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг