«Талимаржон ИЭС»нинг қуввати янада ортади
Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ/«Халқ сўзи». Мамлакатимиздаги энг йирик электр энергияси ишлаб чиқарувчилардан бири — «Талимаржон иссиқлик электр станцияси» акциядорлик жамияти ҳисобланади.
2023 йилнинг январида ушбу корхонада умумий қуввати 1065 МВт бўлган яна иккита буғ-газ қурилмасини барпо этиш бўйича ишлар бошлаб юборилганди.


Таъкидлаш жоиз, умумий қиймати 944,87 миллион долларни ташкил этадиган мазкур буғ-газ қурилмаларини энг замонавий технологиялар асосида бунёд қилиш режалаштирилган бўлиб, унинг қурилиши Испаниянинг «Intecsa Ingeniera Industrial» ва Япониянинг «Mitsubishi Corporation» компаниялари томонидан амалга оширилмоқда.
— Лойиҳанинг тугалланиш муддати 2025 йилнинг сентябрь ойи этиб белгиланган, — дейди «Талимаржон ИЭС» АЖ бош директори Жасур Пирматов. — Янги қувватлар ҳам тўлиқ ишга туширилгач, корхона йилига қўшимча қарийб 8 миллиард кВт соат электр энергияси ишлаб чиқаради. Юқори тежамкор технологияларни қўллаш ҳисобига йилига 600 миллион куб метрга яқин табиий газ тежалишига эришилади. Корхонада юздан ошиқ янги иш ўринлари яратилади.


Айни пайтда лойиҳа қурилишида 2500 дан зиёд ходим меҳнат қилмоқда. Улардан 368 нафарини хорижлик мутахассислар ташкил этади.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг