Таълим пойдевори боғчада шаклланади
Халқимиз болажон, ўзининг бутун орзу-умидларини зурриёдининг тарбияли, билимли, бир сўз билан айтганда, комил инсон бўлиб улғайиши билан боғлайди. Жажжи ўғил-қизларнинг жамиятга қўшилишида тарбиянинг илк босқичи – мактабгача таълим ташкилоти, халқ тили билан ифодалаганда, болалар боғчаларининг ўрни беқиёс. Охирги етти йилда бу тизимда қамров даражаси 27 фоиздан 74,6 фоизга кўтарилгани эътирофга молик.
Мен шундай улуғ даргоҳда қарийб қирқ йилдан буён меҳнат қилиб келаётганимдан фахрланаман. Фаолиятимнинг дастлабки йиллариданоқ мактабга тайёрлаш гуруҳи тарбияланувчилари билан шуғулланишни танладим. Бу бошқа гуруҳларга нисбатан анчайин масъулиятли. Сабоғингизни олган кичкинтойлар биринчи синф партасига ўтириш арафасидаёқ алифбо ҳарфларини бемалол ўқийдиган, саноқни, ҳатто кўпайтириш жадвалини ёддан биладиган даражада бўлиши талаб этилади. Айни вазифанинг уддасидан чиқмоқ учун тарбиячи муаллимда сабр-тоқат, ҳар бир тарбияланувчи билан эринмасдан ишлаш қобилияти тўкис бўлмоғи лозим.
Ўтган йиллар давомида мингга яқин болажонларни мактабга йўналтирдим. Ҳар гал уларни қабул қилиб олган бошланғич синф ўқитувчисидан илиқ сўзларни эшитганимда, “Хайрият, меҳнатларим бекор кетмабди” дея яйраб кетаман. Боғчада ҳарф таниб, мактабда ўқишни қойиллатган ва ҳаётда муносиб ўрин топган шогирдларимнинг муваффақиятлари кучимга куч қўшади. Кейинги пайтларда тайёрлов гуруҳида рус тили сабоқларини ҳам йўлга қўйдик. Болалар машғулотлар давомида ўзбек тили баробарида русча атамалар, ҳарфларни бир-бирига уриштириб, сўз ясаш кўникмаларини ўзлаштирган ҳолда мактабга бормоқда. Боғчадаёқ тарбияланувчиларнинг кўпчилиги кундалик ҳаёт даражасида мулоқот қилишга муваффақ бўлади.
Фаолиятим мобайнида элликдан зиёд шогирдлар тайёрлашга эришдим. Улар мактабгача таълим ташкилотларида бошқаларга ўрнак кўрсатиб ишламоқда.
Кўпчилик таълимнинг пойдевори мактабнинг бошланғич синфида қўйилади, деган фикрга ўрганган. Замон ўзгариши баробарида болажонлар бу босқични боғчадаёқ ўтамоқда. Мактабгача таълим муассасаларида муаллимликнинг уддасидан чиқаётган мутахассислар сони тобора кўпаймоқда. Ана шулар қатори ота-оналар ишончини қозонаётганим, меҳнатларим мевасини бераётганидан ҳамиша ўзимни бахтиёр ҳис этаман. Ўқитувчи ва мураббийлар байрами арафасида Президентимизнинг Фармонига кўра, юксак давлат мукофотига лойиқ кўрилганим узоқ йил тўккан пешона терим, изланиш ва интилишларим эътирофи сифатида қалбимни беҳад қувончга тўлдирди.
Замира АҲМЕДОВА,
Чуст туманидаги 35-мактабгача таълим
ташкилоти тарбиячиси,
“Дўстлик” ордени соҳибаси.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг