Таълим муассасаларида янги ўқув йили бошланди
Фото: Халқ сўзи
Бугун мамлакатимиздаги таълим муассасаларида янги ўқув йили бошланди. Хоразм вилоятидаги умумтаълим мактабларида ҳам биринчи қўнғироқ садолари жаранглаб, 37 минг 325 нафар ўғил-қизлар мактаб остонасига илк қадам қўйиб 1 синфга қабул қилинди.

— Президентимиз Мустақилликнинг 31 йиллигига бағишланган байрам тантаналаридаги нутқида юксак марраларга эришиш учун 2026 йилгача Тараққиёт стратегияси доирасида 5 та асосий вазифани белгилаб берди, — дейди Гурлан туманидаги 5-сон мактаб директори, Ўзбекистон Қаҳрамони Анор Маҳмудова. — Таълим соҳасини ислоҳ қилиш, ўқувчи ёшлар замонавий билим ва кўникмаларни пухта эгаллашлари учун қулай шароит яратиш, мактабларнинг ўқув дастурлари, ўқитиш услуби, дарсликлар мазмунини тубдан қайта кўриб чиқиш энг биринчи ва асосий вазифа қилиб қўйилди. Чунки, барча муваффақиятларнинг калити сифатли таълимга бориб тақалади.
Вилоятда умумтаълим мактабларининг моддий базасини яхшилаш, таълим жараёнига инновацияларни жорий этиш, малакали педагог кадрлар билан таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жорий йилда Инвестиция, «Обод қишлоқ» ва «Обод маҳалла» дастурлари асосида вилоятда 2 та мактаб янгидан қурилди, 16 та мактабда реконструкция, 22 та мактабда мукаммал таъмирлаш ишлари бажарилди. Вилоятимизда 1-4 синф ўқувчиларини бепул нонушта қилишлари учун бюджетдан 100 миллиард сўм маблағ ажратилди.
Вилоятимизда халқ таълими соҳасида эришилаётган ютуқлар ҳам чакки эмас. Таълим сифати бўйича энг кучли деб топилган 20 та ҳудуд қаторига Хоразм вилоятининг 10 та шаҳар ва тумани киритилди. 2017-2018 ўқув йилида вилоятда олий таълимга кириш кўрсаткичи 5 фоизни ташкил этган бўлса, 2021-2022 ўқув йили якуни бўйича 32 фоизга етди.

Хоразм вилоят ҳокими Фарҳод Эрманов янги ўқув йили бошланиши муносабати билан Урганч туманидаги 4-сон умумтаълим мактабида ўтказилган тадбирда иштирок этиб янги бунёд қилинган мактабнинг ўқув ва лаборатория хоналарида яратилган шароитлар билан танишди, 1 синф ўқувчиларига ўқув қуроллари тўпламидан иборат «Президент совғаси»ни топширди.
Одилбек Одамбоев «Халқ сўзи»
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг