Таълим ходимлари малакасини ошириш ва қайта тайёрлашни такомиллаштиришда қайси жиҳатларга эътибор қаратиш лозим?
Фото: Архив сурат
Бугунги кунда катталар таълими шахснинг ҳаёт давомида ўқишга бўлган эҳтиёжларини амалга оширишга қаратилган узлуксиз касбий стратегия, modus vivendi (турмуш тарзи), глобал миқёсда билим олишнинг энг универсал воситаси сифатида тавсифланмоқда.
1976 йилда Найробида БМТнинг таълим, фан ва маданият бўйича Бош конференциясида катталар таълимини ривожлантириш бўйича тавсиянома ишлаб чиқилди. Ундан кейин турли йилларда Ҳамбург, София, Бангкок, Тошкент конференцияларида катталар таълимида ҳамкорлик, ҳаёт давомида таълимни рағбатлантириш муаммолари муҳокама қилинди. Хусусан, Ҳамбург конференциясида катталар таълими фаол фуқаролик натижаси ва жамият ҳаётида тўлиқ иштирок этиш шарти, андрагогиканинг тараққиёт учун муҳим бўлган хусусияти сифатида тилга олинди.
Андрагогика (юнон тилида andros — катта ёшдаги инсон, ago — бошламоқ) катта ёшдагиларнинг илмий-назарий ва прагматик муаммоларини тадқиқ этишга йўналтирилган концепция сифатида катталар таълимининг методологик, назарий, амалий жиҳатларини, самарали ўқитишнинг қонуниятларини ўрганади.
Бугунги кунда дунёнинг барча ривожланган давлатлари катталар таълими дастурларини муваффақиятли амалга оширмоқда. Катталар таълимининг аҳамияти Ҳамбургдаги ЮНEСКО таълим институти, Париждаги халқаро таълимни режалаштириш институти, Катталар таълими бўйича Швейцария ташкилоти, Франциядаги Халқаро педагогика маркази, Буюк Британиядаги Катталар таълими миллий институти каби кўплаб халқаро ва миллий тузилмаларнинг ташкил этилиши билан эътироф этилади.
Ўзбекистонда таълим ходимларининг малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш тизими андрагогик моделни амалга оширади. Мазкур модель ҳаёт давомида таълимни, таълим олувчининг субъективлигини, мустақил билим олиш, ўз-ўзини ривожлантиришни таъминлайдиган технологиялардан фойдаланишга қаратилган.
Германияда “Adult Education Survey” (AES) таълим ҳисобдорлиги тизими фаолият олиб боради. Бу ерда таълим концепциясини амалга оширадиган “Volkshochschulen” формати мавжуд бўлиб, улар Германия халқ университетлари ассоциациясига бирлашган. Европа мамлакатлари ҳамда АҚШда фаолият олиб борувчи University of Экспоненциал тамаддун, рақамли иқтисодиёт, билим ва соҳаларга оид маълумот олиш ёш кўрсаткичлари жиҳатидан чекланмаслиги омилларини жиддий англаш таълимнинг концептуал янги парадигмасини қабул қилишни тақозо этди ҳамда катталар учун таълим феноменининг пайдо бўлишига имкон берди. Lifelong learning дискурсида андрагогика - катталар таълими мейнстрим хусусият касб этмоқда, яъни оммавийлашиб бормоқда. Шу муносабат билан таълим менежменти, социология, андрагогика, ижтимоий педагогикага оид илмий тадқиқотларда Lifelong learning намунасининг катталар таълими йўналиши билан боғлиқ тадқиқотлар долзарб аҳамиятга эга.
Техноген жамият тараққиётида таълим ривожланиш омилига айланиб, капитал, меҳнат каби анъанавий қарашлар аҳамиятини камайтиради. Намунавий алмашинувларнинг технологик тартибларга (techno-economic paradigm) боғлиқлигини ўрганган австриялик социолог Ёзеф Шумпетер (Joseph Schumpeter) ривожланиш босқичларининг бир-бирига боғлиқлик хусусиятини қайд этади.
Lifelong learning қарашларининг ривожланишида 2000 йилда Лиссабон шаҳрида бўлиб ўтган Европа саммити муҳим аҳамият касб этади. Саммит инсоният «билимлар даврига» кирганини эътироф этиб, билимга асосланган иқтисодиётга ва жамиятга муваффақиятли ўтишни Lifelong learning парадигмаси билан ўзаро боғлиқликда кўради. Мазкур тадқиқот доирасида таълим намунасининг катталар учун йўналтирилгани алоҳида диққатга сазовор.
Ижтимоий-тарихий йўналишда катталар таълимининг назарий ёндашувлари америкалик педагог Малколм Ноулз, Паоло Фрейре ва Ноттингем тадқиқотчилар гуруҳи асарларида концептуал тарзда шакллантирилди. Ноттингем университети тадқиқотчилари томонидан таклиф қилинган ёндашувда Фрейре назариясининг базавий тамойиллари – таълимнинг ижтимоий-тарихий манбаси, ўқитишнинг амалиёт билан боғлиқ экспозицион хусусияти давом эттирилади. Тhe Third Age (учинчи аср университети) халқаро ҳаракатининг мақсади – жамиятнинг нафақадаги аъзоларининг таълим олишини рағбатлантиришдир.
Катталар таълими муаммоларига оид тадқиқотлар натижалари таълим дастурлари ҳар доим ҳам шахснинг шахсий-касбий ривожланишига қаратилмаганини кўрсатади. Катталар таълимига киритилган педагогик моделлар кўплаб зиддиятларни келтириб чиқаради. Уларда катталарнинг эҳтиёжлари, манфаатлари, мотивлари, феъл-атвор тузилишлари ҳисобга олинмайди. Берилган маълумотлар катталарнинг ўзаро таъсир, ишлаб чиқариш фаолияти учун ўзини ўзи ривожлантиришга йўналтирилмаган. Таълим фаолияти репродуктив таркибга (тайёр билимлардан фойдаланиш) қаратилган. Аудитория билан ишлаш усуллари демократик технологияларни ўз ичига олмайди. Акмеологик етуклик, яъни, ўз ҳаракатларидан хабардор бўлиш, уларни мувофиқлаштириш, лойиҳалаш, тартибга солишни назарда тутмайди.
Ушбу таҳлиллар андрагогиканинг таълим дастурларига қуйидаги билим ва кўникмаларини татбиқ этиш заруриятини тақозо этади:
— VUCA-дунё, билимлар жамияти контекстида рақобатбардош назарий ва амалий компетенциялар;
— глобал фуқаролик, барқарор ривожланиш мақсадларини амалга ошириш мақсадида дунёвий онг, экологик тафаккур;
— креатив, ижодий фикрлаш, илм-фан ва саноатда янги, ностандарт ғоя ва интеллектуал ечимларни таклиф қилиш;
— фаол фуқаролик; инсон ҳуқуқлари, маданиятлараро мулоқот;
— ахборотлар билан ишлаш, танқидий фикрлаш;
— гендер тенглиги, катталар таълими сиёсатининг гендер-маданий жиҳатдан сенситивлиги; таълим имкониятларини чеклайдиган стереотипларни бартараф этиш;
— ижтимоий адолат, тинчлик ва музокара маданияти, конфликт-менежмент (низоларни бошқариш); медиатив ёндашувлар.
Андрагогик таълим дастурларининг базавий хусусиятлари – ахборот жамиятининг концептуал хусусиятлари ва эҳтиёжларига релевантлиги, яъни, мослашувчанлиги, шахснинг касбий тайёргарлик ҳамда индивидуал хусусиятларини ҳисобга олиш, таълим мотивацияси, онлайн таълим имкониятлари, даврийлик, технологик ечимлар таълимнинг натижавийлигини ва муваффақиятини таъминлайди.
Тадқиқотлар катталар таълимини 2030 йилгача ривожлантиришнинг миллий доктринасини қабул қилиш, «Катталар таълими тўғрисида»ги қонунни қабул қилиш, андрагогиканинг ахборот-таълим муҳити, корпоратив таълим имкониятларини яратиш, Lifelong learning ўқув марказларини ташкил этиш, таълим жараёнини БМТ, ЮНEСКО, ЮСАИД, DVV international каби халқаро ташкилотларнинг таълимдаги ташаббуслари – глобал фуқаролик, инсон ҳуқуқлари, шахс экологияси, барқарор ривожланиш тамойиллари асосида ташкил этиш, дастурларда шахснинг касбий фаолияти, ҳаётий тажрибаси, қизиқишларини ҳисобга олиш, амалдаги дастурларга тез ўзгарувчан меҳнат бозорида шахс учун зарур бўлган компетенциялар, жамиятнинг касбий фаолиятдаги талабларини таъминлашга имкон берувчи модулларни киритиш, Lifelong learning таълим парадигмаси доирасида форсайт-тадқиқотларни амалга ошириш лозимлигини кўрсатади..
Мазкур жараённинг илмий-назарий асослари ва ташкилий-методик ёндашувларини ишлаб чиқиш XXI аср таълими олдида турган долзарб масала ҳисобланади.
Моҳира ХОЛИҚОВА,
Халқ таълими вазирлиги Тошкент шаҳар
педагогларни янги методикаларга ўргатиш
миллий маркази директори, фалсафа доктори, доцент.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг