«Тахтақорача» довонида туннель қуриш бўйича музокаралар бошланди
Фото: Китоб тумани ҳокимлиги
«Тахтақорача» довонида замонавий туннель қуриш лойиҳасини амалга ошириш бўйича амалий ишлар бошланди. Бу ҳақда Китоб тумани ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, жорий йилнинг 31 март куни Китоб тумани ҳокимлигида туман ҳокими Рустам Гафуров ҳамда Япониянинг нуфузли халқаро ташкилоти — JICA (Japan International Cooperation Agency) вакиллари ўртасида учрашув бўлиб ўтган.

Музокаралар давомида довонда узунлиги 7 километр бўлган туннель қурилиши юзасидан хорижий компаниялар томонидан ишлаб чиқилган лойиҳа таклифлари ва тақдимотлари кўриб чиқилган.
Томонлар лойиҳа доирасида замонавий муҳандислик ечимлари, хавфсизлик талабларига мос инфратузилма яратиш ҳамда транспорт қатновини янада қулайлаштириш масалаларини атрофлича муҳокама қилган.

Учрашувда, шунингдек, ушбу йирик инфратузилма лойиҳасининг амалга оширилиши ҳудудлараро транспорт алоқаларини сезиларли даражада яхшилаш, йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш ҳамда иқтисодий фаолликни оширишда муҳим омил бўлиб хизмат қилиши таъкидланган. Якунда томонлар лойиҳа юзасидан ҳамкорликни изчил давом эттиришга келишиб олган.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг