Тадбиркорликда таъминот занжири бўйича инсон ҳуқуқларига риоя этилишидаги муаммолар ва уларнинг ечимлари муҳокама қилинди

19:40 16 Декабрь 2023 Сиёсат
406 0

Жорий йил 15 декабрь куни Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш миллий комиссияси, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ҳамда ЕХҲТнинг мамлакатимиздаги ваколатхонаси билан биргаликда давлат ташкилотлари ва тадбиркорлик субъектлари иштирокида “Тадбиркорликда таъминот занжири бўйича инсон ҳуқуқларига риоя этилишини қўллаб-қувватлашдаги мавжуд муаммолар ва уларнинг ечимлари” мавзусида давра суҳбати ташкил этилди.

Тадбир 2023-2024 йилларга мўлжалланган Ўзбекистонда ЕХҲТ лойиҳаларини амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси” ижросини таъминлаш ҳамда “Ўзбекистонда одам савдосига қарши курашишнинг миллий институционал асосларини янада ривожлантиришга кўмаклашиш” лойиҳасини амалга ошириш доирасида ўтказилди.

Таъминот занжирида инсон ҳуқуқларини ҳурмат қилишни таъминлаш соҳасида давлат органлари вакиллари ва тадбиркорлик субъектлари ўртасида тажриба алмашиш ва мулоқотни йўлга қўйиш, шунингдек, улар ўз фаолиятининг турли босқичларида инсон ҳуқуқларига риоя қилишда дуч келадиган қийинчиликларнинг олдини олиш масалалари давра суҳбати иштирокчилари эътиборида бўлди.

Мамлакатимизда охирги йилларда одам савдосига қарши курашишда тизимли ислоҳотлар амалга оширилгани, ушбу иллатга қарши курашиш борасида аниқ натижаларга эришилгани, соҳада мавжуд муаммоларни бартараф этиш бўйича халқаро ҳамкор тузилмалар, хусусан Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти ҳамда фуқаролик жамияти институтлари билан кенг кўламли ишлар олиб борилаётгани таъкидланди.

Ушбу тадбирнинг яна бир муҳим жиҳати, одам савдосига қарши курашишда ўзаро тажриба алмашиш ва ҳамкорликни кучайтириш, шунингдек, БМТнинг Инсон ҳуқуқлари нуқтаи назаридан тадбиркорлик фаолиятининг асосий тамойилларини амалга ошириш бўйича 2023-2025 йилларга мўлжалланган миллий ҳаракатлар режаси лойиҳаси юзасидан амалий таклиф ва хулосалар муҳокама қилинди.

Тадбир якунлари бўйича Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти доирасида одам савдоси ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш бўйича парламентлар, ҳукуматлар, тегишли давлат идоралари ҳамда тадбиркорлик субъектлари ўртасида халқаро ҳамкорликни янада ривожлантириш бўйича келишувга эришилди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер