Тадбиркор замонавий иситиш қозонлари ишлаб чиқармоқда

18:26 16 Октябр 2023 Жамият
575 0

Мамлакатимизда тадбиркорликни ривожлантириш, ишбилармонларга турли имтиёзлар бериш орқали фаолиятини қўллаб-қувватлашга катта эътибор қаратилмоқда. Мақсад аниқ — тадбиркор бойиса, ривожланса, яна янги-янги ташаббусларни амалга оширади, пировард натижада эса қўшимча иш ўринлари яратилади, ҳудудларда ишлаб чиқариш салмоғи ортади, хизмат кўрсатиш сифати яхшиланади.

Буни Қарши туманида фаолият юритаётган “Турди-Муаззам сервис” оилавий корхонаси мисолида ҳам кўриш мумкин.

Мазкур корхона раҳбари Адҳам Эгамбердиев бундан 10 йил аввал, ҳали олийгоҳда ўқиб юрган вақтида ўз уйида кичик цех ташкил қилиб, қурилишда фойдаланиладиган ганчкорлик маҳсулотлари ишлаб чиқаришни бошлаган эди. Дастлаб цехда ўзи ва оила аъзолари ишлаган бўлса, аста-секин ишлаб чиқарилаётган маҳсулот тури ҳам, ишчилар сони ҳам ошиб борди.

Айни пайтда эса “Турди-Муаззам сервис” оилавий корхонаси замонавий иситиш қозонлари ишлаб чиқариш бозорида ҳам ўз ўрнига эга бўлди.

— Аслида иситиш қозонлари ясашни икки йил аввал бошлаган эдик, — дейди Адҳам Эгамбердиев. — Дастлаб оддий ускуналар ёрдамида ишлаган бўлсак, жорий йил бошида хориждан металлга лазер ёрдамида ишлов бериш ва пайвандлаш учун мўлжалланган юқори технологик дастгоҳ ва асбоб-ускуналар жамланмасини харид қилдик. Натижада турли ўлчам ва дизайндаги, замонавий иситиш қозонларини тайёрлаш имкони пайдо бўлди.

Бугунги кунда корхонада ойига 50 тадан ошиқ замонавий иситиш қозонлари тайёрланмоқда. Шу билан бир қаторда, яна ўнлаб турдаги металл буюмлар ишлаб чиқариш ўзлаштирилди. Бу фаолият туфайли ҳудудда 70 та иш ўрни очилди.

Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер