Табиий ресурслардан самарали фойдаланиш устувор йўналишлардан бири

17:51 21 Декабрь 2022 Жамият
2171 0

Давлатимиз раҳбарининг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномасини том маънода мамлакатимиз тараққиёти учун туртки берувчи тарихий воқелик дейиш мумкин.

Чунки, давлатимиз раҳбари ўзининг мурожаатида давлат ва жамият қурилиши тизимини такомиллаштириш, қонун устуворлигини таъминлаш, ижро ва суд ҳокимияти олдида турган устувор вазифалар ҳамда уларнинг ижросини таъминлаш бўйича аниқ механизмларни таъкидлаш билан бир қаторда экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш соҳасига ҳам тўхталиб ўтди.

Юртбошимиз томонидан атроф муҳитни муҳофаза қилиш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш ҳамда аҳоли саломатлигини сақлаш соҳасида келгусида амалга оширилиши лозим бўлган устувор вазифалар белгилаб берилди. Хусусан, экология, айниқса сув масалалари глобал муаммога айланиб бораётгани ҳақида сўз юритилар экан, биз нафақат бугунги, балки келажак авлодларни ҳам ўйлашимиз шартлиги қайд этилди.

Сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш борасида Амударё ўзанида янги канал қурилиши бўйича қўшни Афғонистоннинг муваққат ҳукумати ҳамда жаҳон ҳамжамияти билан бирга, халқаро меъёрлар асосида ва минтақанинг барча давлатлари манфаатларини инобатга олиш юзасидан амалий мулоқотлар олиб бориш лозимлиги таъкидланди.

Экологик муаммоларни бартараф этишда маҳалланинг ролини кучайтириш лозимлиги, табиатни асраб-авайлаш, сув, ҳаво ва атроф-муҳитни тоза тутиш келаси йилда ҳар бир маҳалла аҳолисининг маданияти ва амалий ҳаракатига айланиши кераклигини таъкидлади.

Экологик ҳолатни янада яхшилаш учун экология ва атроф-муҳитни асраш бўйича саъй-ҳаракатлар, хусусан, «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасидаги ишлар кучайтирилиши лозимлиги қайд этилди.

Шу ўринда юртбошимиз ташаббуси билан ўтган йили ноябрь ойидан бошлаб кенг кўламда амалга оширилаётган «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида 2021 йил куз мавсумида 85 млн. дона, жорий йилнинг баҳор мавсумида 126,4 млн. кузги мавсумда 76 млн. дан ортиқ дарахт ва бута кўчатлари экилди.

Кейинги беш йилда 1 миллиард дарахт ва бута кўчатлари экилиши ҳам шаҳарларимизга, маҳаллаларимизга файз бағишловчи яшилликка бурканган янги яшил ҳудудлар барпо этилиши билан бирга, юртимиз иқлимини мўътадил сақлашга, пировардида она табиатимизни асраш, аҳолимиз саломатлигини яхшилаш, халқимизнинг фаровонлигини таъминлашга хизмат қилиши, шубҳасиз.

Дарҳақиқат, сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш борасида амалга оширилган ишларга эътибор қаратадиган бўлсак, сув ресурсларини самарали бошқариш, сув тежайдиган ва рақамли технологияларни жорий этиш, ирригация тадбирларини амалга ошириш, ерларни лазерли текислаш, агротехник тадбирларни ўз вақтида амалга ошириш ҳисобига жорий йилнинг тўққиз ойи мобайнида 5,5 млрд.м3 сув тежалишига эришилган.

Шунингдек, кейинги беш йилда жами 642,4 минг гектар, жумладан, 308,6 минг гектарда томчилатиб, 14,7 минг гектарда ёмғирлатиб, 10,6 минг гектарда дискрет суғориш технологиялари ва 78,8 минг гектарда эгилувчан қувурлар, 20,9 минг гектарда эгатга плёнка тўшаб суғориш технологиялари жорий қилинган. Умуман олганда, табиий ресурслардан самарали фойдаланиш бугунги кундаги долзарб масалалардан бири ҳисобланади.

Шу билан биргаликда Мурожаатномада аҳолининг энергия ресурсларига бўлган талабини қондириш мақсадида йирик лойиҳаларни амалга ошириш билан бир қаторда аҳоли учун кичик ҳажмдаги қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланишни кескин ошириш масаласи ҳам алоҳида қайд этилди. Бу борада аҳолининг эҳтиёжманд қатламини субсидиялаш институти орқали қўллаб-қувватлаш мамлакатимизда «инсон қадри учун» тамойилининг амалдаги яққол исботидир.

Мурожаатномада белгилаб берилган устувор йўналишлар соҳалар ривожига туртки бериши билан бир қаторда, мамлакатимизнинг барқарор тараққиётини таъминлашга, пировардида аҳолининг турмуш фаровонлиги ошишига, экологик барқарорлиги таъминланишига хизмат қилади.
Хайрулло ҒАФФОРОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари, Ўзбекистон экологик партияси фракцияси раҳбари.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер