Табиий газ таъминотида ҳам «ақлли» ҳисоблагичлар ўрнатилмоқда

12:39 02 Июнь 2020 Иқтисодиёт
6923 0

Навоий вилоятида барча тоифадаги истеъмолчилар учун табиий газни бошқариш ва ҳисобга олишнинг автоматлаштирилган тизимининг жорий этиш ишлари бошланди.

Республикамиз Президентининг 2017 йил 13 ноябрдаги «Электр энергияси ва табиий газ назорати ва ҳисобининг автоматлаштирилган тизимини жадал жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ҳамда 2019 йил 9 июлда қабул қилинган «Иқтисодиёт ва аҳолини энергия манбалари билан барқарор таъминлаш, нефть ва газ саноатини бошқариш тизимини молиявий соғломлаштириш ва такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорларида аҳоли ва иқтисодиёт тармоқларига табиий газ етказиб бериш барқарорлигини таъминлаш ва ўзаро тўловларни тартибга солиш устувор белгиланиб, унга илғор инновацион технологияларни жорий этиш вазифалари белгиланган.

Шунингдек, мазкур қарорларда барча тоифадаги истеъмолчилар учун замонавий – «ақлли» газ ҳисоблагичларининг ўрнатилиши мажбурийлиги белгиланиб, шу орқали газ истеъмоли ва ҳисобга олишни назорат қилиш, маълумотларни йиғиш учун ягона бошқарув тизимини йўлга қўйиш, газ таъминотчиси ва энергия комплексининг бир қатор тузилмаларидаги молиявий йўқотишларнинг олдини олиш, аҳоли орасида истеъмол қилинган табиий газ учун дебитор қарздорликни камайтириш имконини яратади.

Бир сўз билан айтганда жорий йилнинг май ойидан бошлаб, Навоий вилоятида ҳам ана шундай замонавий ҳисоблагичларни ўрнатиш ишлари бошланди. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, вилоятдаги 152 минг 559 табиий газдан фойдаланувчиларнинг хонадонларида 2021 йил якунигача замонавий газ ҳисоблагич ускуналарини ўрнатиш режалаштирилмоқда.

— Ҳозирда Кармана туманининг «Қалдирғоч» маҳалласида намунавий тарзда ҳисоблагичларни ўрнатиш ишлари якунланиб, истеъмолчиларга унинг қулайлиги, афзалликлари ҳақида маълумотлар тақдим этиляпти, - дейди Жамият бош директори ўринбосари Жамшид Санақулов. ˜—  Таъкидлаш жоиз, табиий газни ҳисобга олишни назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизимини татбиқ этиш орқали қарздорлик билан боғлиқ муаммо ва узилишларнинг олди олиниши билан бирга йўқотишлар ҳамда табиий газдан ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари тўғрисида таъминотчини вақтида огоҳлантирилишига эришилади. «Ақлли» ҳисоблагичлар истеъмолчининг ёқилғи сарфини юқори аниқлик билан ўлчаб, реал вақт режимида маълумотларни узатади.

«Ақлли» ҳисоблагичларнинг истеъмолчилар учун қулайлиги эса газ қувуридаги табиий газ ҳароратининг ўзгаришини ўлчаш натижасида табиий газ сарфи ҳаққонийлиги таъминланади. Бу эса корхонанинг табиий газ сарфи ҳисобидаги мавҳум ҳолатларнинг олдини олишга хизмат қилади. Уларни ўрнатиш билан боғлиқ барча ишлар «Ҳудудгазтаъминот» АЖ ва унинг ҳудудий бўлимлари томонидан амалга оширилади. Мазкур жараён ўз ичига газ ҳисоблагичларини ўрнатиш, маълумотларни йиғиш, қайта ишлаш ва узатиш, алоқа линияларини ётқизиш ҳамда зарур телекоммуникация мосламаларини ўрнатиш кабиларни қамраб олади. Бир сўз билан айтганда, замонавий ускуналар аҳоли истеъмолчиларига бепул ўрнатилади. Ҳисоблагични қувватлантириш учун фақат ишлаб чиқарувчи томонидан белгиланган талабларга жавоб беруви махсус батареялардан фойдаланиш талаб этилади.

— Ҳимоя пломбаси бузилмаслигининг олдини олиш учун ҳисоблагични қувватлантирадиган батареяни истеъмолчи томонидан мустақил равишда алмаштирилишига йўл қўйилмайди, — дейди жамият мутахассиси Феруз Тошев. — Электрон ўлчов тугуни батареясининг фойдаланиш муддати белгиланган шартларда камида 8 йилни ташкил этади. Ҳисоблагични ўрнатиш, ечиш ҳамда профилактик текширишга фақат газ тармоқлари операторлари ёки ихтисослаштирилган ташкилотларнинг бундай ишларни амалга ошириш учун тегишли рухсатномага эга бўлган ходимларига ижозат берилади. Бу каби тадбирлар ҳисоблагич ўрнатилган газ қувурида газ босими бўлмаганда амалга оширилади. Меъёрий ҳужжатларда ҳисоблагичларни тегишли ташкилот ходимининг тўғридан-тўғри назорат тадбирларини олиб бориши учун хонадонларнинг кириш қисмларига белгиланган баландликда ўрнатилиши кераклиги айтилган. Истеъмолчиларга бу бўйича тушунчалар бериляпти.

— Бундай газ ҳисоблагичлар биз учун чинакам янгилик , — дейди Кармана туманининг «Қалдирғоч» маҳалласида яшовчи фуқаро Азамат Намозов. - Энди фақат истеъмол қилинган газ учун ҳақ тўланишида шаффофликнинг таъминланиши, барча харажатлар, жумладан, таъмирлаш ва ўлчаш мосламаларини давлат қиёслов текширувларидан ўтказиш ишлари ҳам газ таъминоти ташкилотининг маблағлари ҳисобидан қопланиши эшитиб, жуда хурсанд бўлдик. Табиийки, биз истеъмолчилар ҳам масъулиятни ошириб, газдан, газ жиҳозларидан оқилона фойдаланишни одат қилишимиз керак.

Энг муҳими ушбу лойиҳа иқтисодиёт барқарорлигини таъминлаш ва истеъмолчилар учун бир қатор қулайликларга эга эканлиги билан аҳамиятлидир.

Темур ЭШБОЕВ,

(«Халқ сўзи»).

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер