Сурхондарёда заиф эшитувчи 27 нафар болага Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги томонидан эшитиш аппаратлари топширилди
Фото: "Халқ сўзи"
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ташаббуси билан Сурхондарёда 27 нафар заиф эшитувчи болага эшитиш аппаратлари топширилди. Шу тариқа болалар ва уларнинг яқинлари Янги йил байрами арафасида давлатнинг чексиз меҳр-эътиборини ҳис қилдилар.
Улар вилоятда ягона бўлган Шўрчи туманидаги алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болалар учун ихтисослаштирилган 122- сонли таълим муассасасининг тайёрлов синфида таҳсил олишади. Улар ўз исмларини бугун илк марта аниқ-тиниқ эшитдилар.
Ҳар қандай ота-она фарзандининг бекам-бенуқсон униб-ўсишини истайди. Лекин ҳаётнинг турли синовлари йўлингиздан чиқади, гоҳида. Шўрчилик Марғуба Исмоилова билан шунақа бўлди: эгизакларнинг эшитишида нуқсон борлигини билган куни жуда қийин аҳволга тушди. Фарзандлари учун эшитиш аппарати сотиб олишга кўп марта ҳаракат қилди. Аммо бундай ноёб жиҳозни ҳар қаердан ҳам топиб бўлавермайди. Топилганида, моддий имконияти етмади...
— Бугун жуда хурсандмиз, — дейди Марғуба Исмоилова. — Болаларим эшитиш аппаратларидан фойдаланишни бошлагач, бир-бирлари билан тинимсиз гаплашишяпти. Оиламизга қувонч, кўнглимизга хотиржамлик кириб келди. Президентимизга минг раҳмат!
Маълумот учун: Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ташаббуси билан 1 млрд. 399 млн. сўм маблағ эвазига 700 дона замонавий эшитиш аппарати харид қилиниб, заиф эшитувчи болаларга топширилмоқда.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг