Сурхондарёда пахта очилди
Сурхондарё вилояти Қумқўрғон туманидаги «Сардор Нуриддинов» фермер хўжалиги далаларида пахта ўтган йилларга нисбатан эрта очилди. Бу ҳақда вилояти матбуот хизмати хабар берди.
Хўжалик деҳқонлари жорий йил ҳосили учун 66,3 гектар майдонда деҳқончилик қилиб, ҳудуд иқлимига мос ва эртапишар «Беш қаҳрамон» навли ғўза ниҳолларини парваришлади. Пандемия сабабли карантин тартиби жорий этилган бу йилги шароитда миришкорлар унинг қоидаларига қатъий риоя этган ҳолда барча агротехник тадбирларни сифатли амалга оширди.
Вақтида маҳаллий ва минерал ўғитлар билан озиқлантирилиб, қайта ишлов берилди. Шарбат усулида суғориш йўлга қўйилди. Синовли йилда омилкорлик билан амалга оширилаётган ишлар мўл ҳосил тўплаш баробарида унинг эрта пишиб етилишида ҳам муҳим омил бўлмоқда.
Бу йил туманда 194 фермер хўжалиги ва «Термиз Жайхун МЧЖ» пахтачилик кластери 8 минг гектардан ортиқ майдонда «Порлоқ-1», «Беш қаҳрамон», «Сурхон-14» навли ғўза ниҳолларини парваришламоқда. Шунингдек, йиғим-терим мавсумига ҳам пухта ҳозирлик кўрилмоқда. Шу мақсадда Сафар Бойматов номли пахта қабул қилиш пунктида 176 та тиркамали техника етиштирилаётган ҳосилни йиғиштириб олиш учун шай қилиб қўйилди.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг