Сурхондарёда 28 нафар фуқарога мураккаб жарроҳлик амалиётини ўтказиш учун маблағ ажратилди  

12:09 15 Ноябрь 2021 Жамият
1218 0

Фото: "Халқ сўзи"

Бугунги кунда мамлакатимиз соғлиқни сақлаш тизими жадал  ривожланиб, илғор амалиётлар жорий этилаётгани хасталикларни эрта аниқлаш ва уларни ўз вақтида самарали даволаш имконини бераётир. Бироқ  шундай мураккаб жарроҳлик амалиётлари борки, уларни ўтказиш учун, аввало, катта маблағ талаб этилади. Моддий имконияти етарли, содда қилиб айтганда, пули бор инсон ўзи ёки яқинларида бундай амалиётларни ўтказиш орқали саломатлигини тиклаши мумкин, бироқ топгани рўзғоридан ортмайдиган эҳтиёжманд ҳамюртларимиз ҳам оз эмас.

Жорий йилда Сурхондарё вилоятининг шаҳар ва туманларида ўтказилган сайёр қабуллар чоғида мураккаб жарроҳлик амалиёти учун молиявий кўмак сўраган фуқаролар мурожаатларнинг аксарияти ижобий ҳал этилиб, қаноатлантирилди. 

- Фарзандим туғма юрак пороги билан оғриб келаётганди,  -дейди Жарқўрғон тумани Нефтчилар кўчасида яшовчи Нозима Зулфиқорова.  - Шифокорлар ўғлимга мураккаб жарроҳлик амалиёти  ўтказиш лозимлигини айтишганидан буён орадан 12 йил вақт этди. Мана шу ўтган йиллар мобайнида ўғлимнинг соғлиғи,  келажагидан хавотирланиб,  қанча тунларни бедор ўтказдим. Оилавий аҳволимиз ночорлиги, операция учун зарур маблағимиз йўқлиги туфайли сайёр қабулда вилоятимиз ҳокимидан амалий ёрдам сўрадим. Менинг мурожаатим инобатга олиб, ўғлимда жарроҳлик амалиётини ўтказиш учун 28 миллион сўм маблағ ажратилди. Муолажа ишлари муваффақиятли амалга оширилиб,  ҳозирда фарзандим ўзини жуда яхши ҳис қилмоқда. Беминнат ёрдам кўрсатилгани учун давлатимиздан миннатдорман. Худо хоҳласа, жигарбандим Ватанимизга хизмат қиладиган фарзандлар қаторидан жой олади.

Бу каби инсонпарварлик ёрдами юртимизда фуқаролар мурожаати билан ишлаш тизимининг самараси, қолаверса, инсон қадрини улуғлашнинг амалий натижасидир. Айтиш жоизки, Сурхондарё вилояти ҳокимлиги томонидан ҳозирга қадар мамлакатимиз ҳамда вилоятдаги даволаш муассасаларида 28 нафар ижтимоий кўмакка муҳтож фуқаронинг юрак пороги хасталигини даволаш учун 536 млн. сўм маблағ ажратилди. Маълум қилинишича, вилоятда бу йўлдаги хайрли ишлар изчил давом эттирилади.

 

Илҳом РАҲМАТОВ,"Халқ сўзи". 

 

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер