Сурхондарёда 2 минг 460 та оилага субсидия ажратилади
Фото: Халқ сўзи
Халқимиз феълан орзу-ҳавасларининг салмоқли қисмини уй-жой билан боғлайди. Зотан, оиланинг бекаму кўстлиги, фарзандларнинг безавол, баркамол улғайиши – ҳамма-ҳаммасининг рўёби учун, аввало, ўз уйинг, бошпананг бўлиши кераклигини уйсизлик нималигини бошидан ўтказганлар жуда яхши билади. «Ўз уйинг – ўлан тўшагинг» дейишлари ҳам бежиз эмас ахир.
Орамизда ижарама-ижара яшаб, уй олиш илинжида йиллаб меҳнат қилаётганлар йўқ эмас. Бу орзуига эришган ва эришаётганлар бор. Бироқ, тақдир синовларида ўзгалар кўмагига зарурат сезаётган, уй-жой олиш ёки қуриш учун имконияти чегараланган ҳамюртларимиз ҳам оз эмас. Ана шундай инсонларга ипотека мақсадлари учун давлатимиз томонидан субсидиялар ажратилаётгани чинакам инсонпарварлик намунасидир.
Термиз шаҳридаги Ёшлар марказида субсидияга талабгорларни одилона танлаб олиш бўйича ўтказилган комиссия йиғилишида қайд этилишича, жорий йилда вилоятда 2 минг 460 та оилага субсидия маблағлари ажратилиши кўзда тутилган. Ҳозирга қадар ипотека кредити бўйича субсидия олиш учун давлат хизматлари марказларига 4 минг 260 та мурожаат келиб тушган. Уларнинг 1 минг 194 таси бўйича ижобий хулоса берилган.
Йиғилишда Сурхондарё вилояти ҳокими Т. Боболов субсидия ажратиш бўйича аниқланган камчиликларни танқидий таҳлил қилиб, уларни бартараф этиш юзасидан мутасаддиларга топшириқ ва кўрсатмалар берди.
Маълумот ўрнида айтиш керакки, субсидия миқдори уй-жойлар бошланғич бадалининг 10 фоизи ҳамда кредит фоизининг 7 фоизини қоплаш учун шаҳар жойларида 36,4 млн. сўм, қишлоқ жойларида 31,5 млн. сўмни ташкил этади.
Илҳом РАҲМАТОВ, «Халқ сўзи».
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг