Сурхон медиа маконидаги янгиланиш аҳолининг ахборот олиш имкониятини кенгайтирмоқда
Фото: Халқ сўзи
Термиз шаҳридаги Матбуот уйида Президент Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори Асаджон Ходжаев Сурхондарё вилоятида фаолият олиб бораётган журналист-блогерлар ҳамда маҳаллий ҳокимият органлари, вилоят ташкилотлари ва идоралар ахборот хизматлари раҳбарлари билан мулоқот ўтказди.
Очиқ ва самимий руҳда бўлиб ўтган учрашувда юртимизда жамиятни янгилашга доир изчил ислоҳотлар даврида АОКА ҳудудий бошқармаси, ахборот хизматлари, журналист ва блогерларнинг ўзаро ҳамкорлигини янада ривожлантириш, кенг аҳоли қатламига ишончли, тезкор ва холис ахборот етказиш юзасидан фикр-мулоҳазалар билдирилди. Соҳага оид норматив ҳужжатлар, ишлаб чиқилаётган қонун лойиҳалари тўғрисида маълумотлар берилди.

АОКА директори А. Ходжаев, шунингдек, вилоят телерадиокомпанияси ҳамда ва «Ишонч» телерадиоканали, «Сурхон тонги» ва «Заря Сурхана» газеталари бирлашган таҳририяти фаолияти билан яқиндан танишди.
Шу ўринда айтиш керакки, айни пайтда вилоятда 37 та газета, 2 та телеканал, 1 та радиоканал, 4 та веб-сайт, 13 та республика ОАВнинг вилоят мухбирлари, 4 та хусусий нашриёт, 2 та босмахона, 58 та матбаа корхонаси фаолият кўрсатмоқда. Соҳада фаолият олиб бораётган ходимлар сони 350 нафардан зиёдни ташкил этади. Жумладан, вилоят телерадиокомпанияси воҳа медиа маконида йирик аудиторияга эга бўлиб, энг замонавий телерадио ускуналари билан таъминланган. МТРКнинг ҳудудий телеканаллари орасида бу ерда биринчилардан бўлиб эфирларини HD форматда узатиш йўлга қўйилган. Аксарият телерадио дастурлар жонли тарзда эфирга узатиб келинмоқда.
Худди шундай, хусусий «Ишонч» телерадикомпаниясидаги шароитлар, мавжуд имкониятлари, кўрсатув ва лавҳаларнинг тайёрлаш, эфирга узатиш жараёнлари билан яқиндан танишилди. Ижодий жамоанинг олиб борилаётган ислоҳотларни ёритишдаги фаоллиги эътироф этилди. АОКА директори ҳар бир манзилда ОАВ фаолиятини янада ривожлантириш, давлат ва жамоат ташкилотлари билан ўзаро ҳамкорликни кенгайтириш, ахборот ва янгиликларни кенг жамоатчиликка етказиш борасида таклиф-тавсияларини берди.
Илҳом РАҲМАТОВ, «Халқ сўзи».
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг