Сунъий тўсиқлар эркин ҳаракатланишни чекламоқда
Фарҳод ЭСОНОВ/«Халқ сўзи». Бугун юртимизнинг қайси гўшасига бормайлик, километрларга чўзилган, бузилаётган ёки тузатилаётган йўл устидан чиқамиз. Шу яқин йилларда қанча йўллар текисланди, асфальтланаяпти ҳам. Текис ва асфальт йўллар ҳаммага керак. Лекин биз кўтармоқчи бўлган муаммо бошқа...
Мушоҳадамизни Термиз шаҳри мисолида давом эттирмоқчимиз. Навқирон шаҳарнинг таъмирланмаган ички йўллари қолмади. Маҳалла йўллари, кўп қаватли уйлар атрофига асфальт, бетон қопламалари текис тўшалган. Бироқ, айрим фуқаролар ички йўлларнинг қатнов қисмида автомобиллар ҳаракат тезлигини камайтириш учун ўзбошимчалик билан қўлбола сунъий тўсиқлар ўрнатган. Бундай ҳолатлар кўп қаватли уйлар атрофида ҳам кузатилади. Ваҳоланки, 2022 йилда ҳукумат қарори билан тасдиқланган янги шаклдаги йўл ҳаракати қоидаларининг 4-бандига кўра, йўл ҳаракати қатнашчилари йўлдаги бошқа ҳаракат қатнашчиларининг ҳаракатланишига тўсқинлик қилмаслиги ва хавф туғдирмаслиги керак. Мазкур қарор имзоланганига салкам уч йил бўлди. Қарорнинг ижроси масаласида оқсоқланишлар бордек.
— Бу сунъий тўсиқлар фақат болалар хавфсизлигини ўйлаб ўрнатилганда, кўпчиликда норозилик бўлмасди, — дейди ўзининг исм-шарифини ошкор қилишни хоҳламаган ҳамюртимиз. — Эски шаҳар маҳалласидаги Ч.Сафаров номидаги кўчада шундай тўсиқлар қўйилганки, ҳатто велосипедчилар, пиёдалар ҳаракатланишида ҳам қийинчилик туғдирмоқда. Кундузи-ку майли, бир амаллаб тўсиқларни четлаб ўтса бўлади. Тунда-чи? Қанча велосипедчилар, пиёдалар шу тўсиққа урилиб жиддий жароҳат олмоқда. Иссиқ жон. Элчилик. Сунъий тўсиқлар билан иҳоталанган кўчалардан “Тез ёрдам” машинаси қандай ўтади? Ўт ўчирувчи машиналарга эҳтиёж туғилганда-чи?
Бугун аҳоли гавжум жойларда, хусусан, мактаб, болалар боғчаси, ошхона ва масжидлар олдидаги йўлда транспорт ҳаракатининг тезлиги соатига 30 километрдан ошмаслиги белгиланган. Тегишли белгилар ўрнатилган. Тўғри, ҳамма ҳайдовчи ҳам бу қоидага амал қилмайди. Мазкур муаммони ҳал қилиш мақсадида таълим муассасалари ва бошқа аҳоли гавжум бўладиган жойларда транспорт ҳаракати тезлигини чеклаш мақсадида Сурхондарё вилояти ЙҲХБ томонидан замонавий бордюрлар ўрнатилмоқда. Қолаверса, ЙҲХБ ходимларининг кундалик хизмат жараёни автомобиль йўли ёқасида жойлашган мактаблар олдида бошланади.
— Кўп мактаблар олдида тезликни чеклайдиган сунъий тепаликлар ўрнатилмоқда, — дейди ҳайдовчи Илҳом Мўминов. — Олдиндан огоҳлантирувчи йўл белгилари мавжуд. Бу яхши, лекин фуқаролар ўз уйлари, баъзи муассасалар, корхона ва ташкилотлар олдида ўрнатган қўлбола тўсиқлар ҳайдовчиларни шошириб қўяди. Машинасига техник жиҳатдан жиддий шикаст етказади. Маҳаллалар ички йўлларининг қатнов қисмида кўп ҳолларда ёш болалар қаровсиз ўйнаб юради. Йўл белгилари ва йўлларда жой номлари ноаниқлиги сабаб кўп тўсиқларга дуч келамиз. Йўл белгилари камлиги ёки ноаниқ жойлашгани учун автоҳалокатлар юз бермоқда. Йўлда ҳаракатланиш маданиятига фақат ҳайдовчилар эмас, пиёдалар ҳам амалга қилишса, манзилга хотиржам ва хавфсиз етиб олишимизга ишончим комил.
Маҳалладаги ички йўлларга сунъий тўсиқлар ўрнатиш жаримага ҳам тортилишини асло унутманг! Ҳамма жойда инсон азиз.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг