Суғурта бозори фаолиятини ривожлантириш керак

21:15 04 Март 2021 Иқтисодиёт
1205 0

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитаси томонидан «Суғурта фаолияти тўғрисида»ги қонун лойиҳаси муҳокамасига бағишланган «Суғурта бозорини ривожлантириш ҳамда суғурта хизматлари истеъмолчиларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишни такомиллаштириш» мавзусида видеоконференция тарзида семинар ўтказилди.

Мазкур семинарда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Суғурта бозорини ривожлантириш агентлиги вакиллари, суғурта компаниялари ва соҳанинг экспертлари ва мутахассислари иштирок этди.

Таъкидлаш жоизки, «Суғурта фаолияти тўғрисида»ги қонун лойиҳаси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 2 августдаги ПҚ-4412-сонли қарори билан тасдиқланган 2019-2020 йилларда Ўзбекистон Республикаси суғурта бозорини жадал ривожлантириш бўйича «Йўл харитаси»га асосан ишлаб чиқилган бўлиб, тақдим этилган қонун лойиҳасининг айрим нормалари ялпи мажлиснинг биринчи ўқишда кўриб чиқиш жараёнида депутатларнинг баҳс-мунозараларига сабаб бўлган эди.

Хусусан, суғурта бозорини ривожлантириш агентлигининг суғурта хизматлари истеъмолчиларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоясини кучайтириш, аҳоли ва тадбиркорларнинг суғуртага бўлган ишончини ошириш ҳамда суғурта бозорининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш юзасидан қонун лойиҳасининг тегишли моддаларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш бўйича фикр ва мулоҳазалар билдирилган эди.

Семинарда юқоридаги масалалар ва суғурта компаниялари томонидан суғурта даъволарини кўриб чиқиш муддатлари ва ҳужжатларни қисқартириш, суғурта ҳодисасини адолатли баҳолаш ва тўловларни тезкор тўлаш тизимини яратиш юзасидан иштирокчилар қизғин баҳс-мунозаралар олиб бордилар.

Депутатлар муҳокамасида қонун лойиҳасига суғурта бозори фаолиятини либераллаштириш ва инвесторлар учун жозибадорлигини оширишга оид нормаларнинг киритилиши мамлакатимиз суғурта компанияларининг жаҳон молия бозорларига интеграллашуви иқтисодиётимиз учун муҳим аҳамият касб этади. Шу сабабли, суғурта фаолияти соҳасидаги муносабатларни бошқаришнинг ягона механизмини яратиш, электрон суғурта тизимини ташкил этиш ва интернет орқали суғурта полисларини тақдим этиш каби масалалар семинарнинг асосий мавзуларига айланди.

Муҳокамаларда қонун лойиҳаси суғурта соҳасида тажрибадан ўтган миллий амалиёт ва халқаро тамойилларга асосланганлиги Суғурта бозорини ривожлантириш агентлиги мутахассислари ҳамда экспертлар томонидан эътироф этилди.

Семинар якунида тадбир иштирокчилари томонидан билдирилган таклиф ва тавсияларни инобатга олиб қонун лойиҳасини халқ вакиллари томонидан иккинчи ўқишга киритиш учун фракциялар муҳокамасига киритиш мақсадга мувофиқ эканлиги таъкидланди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер