Судланувчининг “Tracker Trkat” автомашинаси мусодара қилинди
Фото: Халқ сўзи
Мамлакатимизда гиёҳванд моддаларини сотиш, олиб юриш, истеъмол қилиш қонунан қатъий таъқиқланади. Бироқ шунга қарамасдан, республикамизга гиёҳванд моддаларни олиб киришга уриниш ҳолатлари учраб туриши сир эмас.

Самарқанд вилоятидаги “Жартепа” чегара божхона пости орқали қўшни давлатдан республикамизга кириб келган фуқаро С. Ғ. божхона назорати зонасидан ўтиш вақтида ўзини ғалати тутиши божхоначилар эътиборини тортади. Унинг бошқарувида бўлган “Tracker Trkat” русумли автотранспорт воситаси синчковлик билан текширилади. Буни қарангки, шубҳаларитўғри чиқади. Автомашинанинг ҳайдовчи томондаги рулнинг паст қисмидаги кичик бардачок ичида тўкилган ҳолда турган яшил рангли ўткир ҳидли, ўтсимон, соф оғирлиги 0,31 грамм “марихуана” гиёҳвандлик воситаси топилиб, ашёвий далил сифатида расмийлаштирилиб олинади.
Самарқанд вилоят суд-тиббий экспертиза бюроси хулосасига кўра, судланувчи С.Ғ. организмидан канабиниоидлар (наша компонентлари) аниқланган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят ишлари бўйича Самарқанд вилоят суди ҳукми билан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддаларига мувофиқ судланувчи С.Ғ.га базавий ҳисоблаш миқдорининг 200 баравари миқдорида 54 миллион сўм жарима жазоси тайинланди. Унинг “Tracker Trkat” русумли автомашинаси жиноят қуроли сифатида давлат фойдасига мусодара қилинди.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг