«Соя»дан чиқиб ишлаш яширин иқтисодиётга барҳам беришнинг ягона йўли
Истам ИБРОҲИМОВ/«Халқ сўзи». — Туманимизда 500 га яқин катта-кичик иссиқхона бор, — деб қолди суҳбатларимизнинг бирида ромитанлик ҳамкасбимиз Махфират Атоева. — Эгалари иссиқхона юмушларини асосан мардикор аёлларни ёллаб қилдиришади. Чунки бундай ишловчиларнинг меҳнати сувтекин. Таассуфки, «конверт» усулида иш ҳақи олувчи бу аёлларнинг иш стажини юритиш, саломатлигини тиклаш, меҳнат таътилига чиқариш каби масалалар муаммо бўлиб турибди.
Махфират опанинг куйинчаклик билан айтган бу гапи беихтиёр Ғиждувонда яшовчи танишларимиздан бирининг сўзини ёдга туширди. Унинг айтишича, турмуш ўртоғи 15 йилча фермер хўжалигида ишлаган.
— Нафақага чиқишига икки-уч йил муддат қолганида тасодифан хотинимнинг исми шарифи фермер хўжалиги ишчилари рўйхатида йўқлигини билиб қолдик, — дейди у. — Фермер унга иш ҳақини қўлдан бериб келган экан.
Ҳар бир киши ўз ҳақ-ҳуқуқини талаб қилиши, «конверт» усулидаги маошдан зиён кўриб қолиш эҳтимоли катталигини билиши керак эмасми?!
— Жойларда бўлиб, шу масалада иш берувчиларнинг фикр-мулоҳазалари билан кўп бор қизиққанман, — дейди Ғиждувон туман давлат солиқ инспекцияси бошлиғи ўринбосари Жасур Турсунов. — Уларнинг бу борада ўз важлари бор. Мана, тамаддихоналарни олиб кўрайлик. Ошхонага у ёки бу кишини расман ишга қабул қилиш вақтни кўп оладиган жараён саналади. Шу боисдан тадбиркор осон йўлни танлайди. »Конверт» усулини қўллайди. Қолаверса, расмийлаштириш юмушлари битгунича ўша одамнинг ишдан бўшаб кетиш ҳоллари ҳам учрайди. Шу жараён давлат хизматлари агентлиги тизими орқали қисқа муддат ичида, ортиқча оворагарчиликларсиз бажарилса айни муддао бўларди.
Гап «соя»да туриб ишлаш, бошқача айтганда, яширин иқтисодиёт ҳақида кетар экан, яқинда республика ишчи гуруҳининг Ғиждувонда олиб борган ўрганишлари натижасини эслаш фойдадан холи эмас. Таҳлилларнинг кўрсатишича, туманда яширин иқтисодиёт ялпи ишлаб чиқаришнинг 14 – 17 фоизини ташкил этган.
Туман давлат солиқ инспекцияси томонидан тақдим қилинган маълумотларга қараганда, биргина хизматлар соҳасида бу 668 миллиард сўмдир. Аниқланган манбаларнинг 4234 ҳолатида 23,8 миллиард сўм маблағ қайта ҳисобга олинган. 987 ҳолатда 14,7 миллиард сўм миқдоридаги маблағлар ундирилган. Биргина, «конверт» усулида иш ҳақи беришдан ундирилган маблағ миқдори 1,5 миллиард сўмни ташкил этган. Шунингдек, жорий йилнинг беш ойида 498 та корхонада 1073 нафар ишчи фаолияти легаллаштирилди.
— Давлатимиз раҳбари 31 май – 1 июнь кунлари вилоятимизга қилган ташрифи чоғида Ғиждувонда ҳам бўлиб, туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш йўлларини белгилаб берди, — давом этади Ж. Турсунов. — «Яширин» шароитда ишлаётган оилавий тадбиркорларни «соя»дан олиб чиқиш, уларнинг эмин-эркин ишлашлари, иш ўринлари яратишлари учун инфратузилмани ривожлантириш зарурлигига эътибор қаратди. Биз шу вазифалардан келиб чиққан ҳолда «йўл харитаси» асосида 7 та йўналишда иш олиб бораяпмиз. Булар якка тартибда ишловчи тадбиркорларни янгидан рўйхатдан ўтказиш, фаолиятини мослаштириш, фаолиятларини тиклаш, бино иншоотларни ижарага бериш, тадбиркорлик субъектларини АОС қатъий режимига ўтказиш каби йўналишлар шулар жумласидан. Биргина, норасмий фаолият юритаётган ишчи-ходимларни легаллаштириш ҳисобидан бюджетга 950,4 миллион сўм миқдорида қўшимча тушум таъминланади.
Туман тўртинчи сектори томонидан «Мустақиллик» ва «Зарангари» маҳалла фуқаролар йиғинлари намуна тариқасида танлаб олинганини ҳам таъкидламоқчимиз. Таҳлиллар кўрсатдики, мазкур икки ҳудудда ишлаб чиқариш объектларини қуриш ва бўш биноларни лидер тадбиркорларга ижара асосида бериш беш юздан зиёд янги иш ўрни яратиш имконини беради. Бу борада муайян тажриба бор. Масалан, «Умидахон либослари – 777» масъулияти чекланган раҳбари Фарҳод Матёқубов билан суҳбат ўтказилганида, у хонадонида тикувчилик йўналишида фаолият олиб бораётгани, маҳсулотларининг бозори чаққонлиги, аммо цехини кенгайтириши учун бўш бино йўқлигини билдирди. Шундан сўнг, маҳалланинг бўш турган биносининг 100 кв.метр қисми тадбиркорга текин фойдаланиш ҳуқуқи билан ижарага берилди. Банкдан 100 миллион сўм миқдорида имтиёзли кредит ажратилди. Натижада, маҳалладаги 30 нафар ишсиз хотин-қизнинг бандлиги таъминланди.
«Соя»дан чиққан бу каби ишбилармонларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ўзига муносиб иш излаётган, хорижий давлатларга, қўшни вилояту туманларга бориб меҳнат қилишга мажбур бўлаётган кўплаб ғиждувонликлар учун янги имкониятлар эшигини очади. Яширин иқтисодиётга барҳам бериш ортидан давлатимиз раҳбари алоҳида таъкидлаганидек,«Ғиждувон тажрибаси» юзага келади. Зеро, аҳолиси табиатан ишбилармон саналган бу туманда имконият ва салоҳият бениҳоя катта.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг