Солиқ соҳасида қандай янгиликлар кутиляпти?
Бугун солиқ тизимида ислоҳотларни амалга оширмай туриб, эртанги кунимизни, фаровон жамият қуришни тасаввур қилиб бўлмаслиги кундек равшанлашмоқда. Шу боис, мамлакатимизда тадбиркорлик субъектларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мақсадида солиқ тизимида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилди.
Хусусан, охирги беш йилда солиқ тизимини ислоҳ қилишга қаратилган бир қатор муҳим ҳужжатлар қабул қилинди. Лекин шунга қарамай, ҳозирги давр солиқ қонунчилиги талабларини янада соддалаштиришни тақозо этмоқда.
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзЛиДеП фракциясининг навбатдаги йиғилишида бу ҳақда алоҳида таъкидланди. Депутатлар дастлаб “Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига ўзгартишлар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасини муҳокама қилдилар.
Таъкидланганидек, мамлакатимизда амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотларнинг асосида тадбиркорлик субъектлари фаолиятига кенг шароитлар яратиб бериш, иқтисодий фаолиятини солиқлар воситасида рағбатлантириш ва давлатнинг иқтисодий қудратини юксалтириш ётади.
Ўзбекистон Либерал-демократик партияси сайловолди дастурида ҳам иқтисодиёт ва хўжалик субъектлари учун солиқ юкини янада камайтириш, солиқ ставкаларини узоқ муддат ўзгармаслигини кафолатлаш тадбиркорлардан солиқ мажбуриятини тўлиқ бажаришни талаб қилиш билан бирга уларнинг манфаатларини тўла ҳимоялаш устувор вазифа сифатида белгиланган.
Шундан келиб чиқиб фракция аъзолари қонун лойиҳасини муҳокама қилиш давомида партия позициясидан келиб чиқиб лойиҳани янада такомиллаштириш бўйича бир қатор таклифлар берди.
— Тадбиркорлик қанча ривожланса ва фойда кўрса, мамлакатга шунча кўп инвестиция киритади, — деди Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзЛиДеП фракцияси раҳбари А.Ҳаитов. — Мамлакатимизда солиқ тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар замирида ҳам аввало, тадбиркор бой бўлса давлат ҳам бой, аҳоли турмуши фаровон бўлади, деган ягона ғоя мужассам. Ушбу қонун лойиҳасининг қабул қилиниши эса солиқ тизимини такомиллаштириш, шу асосда бизнес муҳитини яхшилаш борасида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг ҳуқуқий базасини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Йиғилишда кўриб чиқилган навбатдаги ҳужжат — “Солиқ ва бюджет сиёсатининг 2023 йилга мўлжалланган асосий йўналишлари қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси бўлди.
Депутатлар томонидан айтиб ўтилганидек, мамлакатни жадал ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ҳамда уларга тенг рақобат шароитларни яратиш мақсадида солиқ юкини пасайтириш ва солиқ қонунчилигини янада такомиллаштириш бўйича чоралар амалга оширилмоқда.
Таклиф этилаётган қонун лойиҳасининг мақсади эса 2023 йилги солиқ сиёсатини такомиллаштириш, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг рақобатбардошлигини ошириш, солиқ маъмурчилиги самарадорлигини янада ошириш ва бюджетга солиқларнинг тўлиқ келиб тушишини таъминлашдан иборат.
Мазкур ҳужжатнинг қабул қилиниши 2023 йил ва кейинги йиллар учун Давлат бюджетини тайёрлашда назарда тутилган солиқ сиёсати чораларини амалга ошириш учун зарур ҳуқуқий шароитларни яратилишига хизмат қилади.
Муҳокамалар давомида фракция аъзолари лойиҳадаги айрим нормалар юзасидан асосли саволларни кўтарди ва ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди. Узоқ давом этган савол-жавоблар, тортишувлардан сўнг қонун лойиҳасини маъқуллади.
Йиғилишда фракция ваколатига тааллуқли бошқа масалалар ҳам кўриб чиқилди.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг