Солиқ қўмитаси: 25 нафар масъул ишдан кетди, қарийб 150 нафар ходимга интизомий чоралар белгиланди
Солиқ қўмитаси раиси Шерзод Кудбиев раҳбарлигида, кенгайтирилган Ҳайъат мажлиси бўлиб ўтди. Бу ҳақда қўмита Ахборот хизмати хабар берди.
Унда 2024 йил I ярим йиллик якуни танқидий равишда сарҳисоб қилиниб, III чоракда амалга ошириладиган долзарб вазифалар белгилаб берилди.
Йиғилишда хизмат вазифасини бажариш ва солиқ маъмурчилигини таъминлашда жиддий хато ҳамда камчиликларга йўл қўйган ходимлар фаолияти жиддий танқид қилиниб, ташкилий масалалар кўриб чиқилди.
Жумладан, берилган огоҳлантиришлар, профилактик суҳбатлар, кўрилган интизомий чоралардан хулоса чиқармасдан хато ва камчиликларга йўл қўйган ҳамда белгиланган самарадорлик кўрсаткичлари паст бўлган Қашқадарё, Андижон, Фарғона вилояти солиқ бошқармалари бошлиқлари ўринбосарлари, Пахтаобод, Избоскан, Шароф Рашидов ва Янги Наманган тумани солиқ инспекцияси бошлиқлари ҳамда 25 нафар масъуллар билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинди.
Шунингдек, 150 нафарга яқин ходимга интизомий чоралар белгиланди 15 нафар ходимнинг унвони 1 поғонага пасайтирилди.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг