Собиқ жамоа ва ширкат хўжалигида ишлаган пенсионерларнинг нафақаси қайта ҳисобланиши керак

12:57 20 Август 2020 Сиёсат
1481 0

Мамлакатимизда пенсионерлар, ногиронлиги бўлган шахслар, умуман, ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш бўйича кенг кўламли ишлар амалга ошириляпти. Бу муҳим йўналишда Президентимизнинг Фармон ва қарор​лари асос бўлмоқда.

«Коронавирус пандемияси даврида ижтимоий ҳимояга ва ёрдамга муҳтож аҳоли қатламларини моддий қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармони қабул қилинди. Фармон билан 1 сентябрдан бошлаб пенсиялар, болаликдан ногиронлиги бўлган шахсларга, зарур иш стажига эга бўлмаган кекса ёшдаги ва меҳнатга лаёқатсиз фуқароларга бериладиган нафақалар миқдори 10 фоизга оширилиши белгиланди. Мутахассисларнинг таъкидлашича ушбу фармон 2,5 трлн. сўмлик чора-тадбирларни ўз ичига олади.

Бунинг натижасида 2 млн 800 минг нафар кекса ёшдаги пенсионерлар ва 700 мингга яқин ногиронлиги бўлган шахслар пандемия пайтида давлат томонидан қўллаб-қувватланмоқда. Бугунги кунда Давлат пенсия таъминоти тизимини ислоҳ қилиш Концепцияси лойиҳаси ҳам ишлаб чиқилмоқда.

Тизимда олиб борилаётган ижобий ишлар билан бирга, эски муаммолар ҳам сақланиб қолмоқда, бундан эҳтиёжманд кишилар манфаатларига зиён етмоқда. Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзоларига мазкур йўналишда бўлаётган фуқароларнинг мурожаатлари таҳлил қилинганда кекса ёшдаги фуқароларга пенсия тайинлашда маълум маънода адолатни тиклаш кераклигини кўрсатяпти.

Хусусан, собиқ жамоа хўжалиги ва давлат хўжаликларида ишлаб, пенсияга чиққан шахсларга нафақа тайинлашда адолатсизликлар бўлганлиги, бошқа соҳа ходимларига нисбатан улар кам пенсия олаётгани эътирозларга сабаб бўлмоқда.

Ўзбекистон Республикаси «Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги қонуннинг 37-моддасида «1965 йилдан кейинги давр учун жамоа хўжалигидаги иш стажини ҳисоблаб чиқаришда, агар жамоа хўжалиги аъзоси узрсиз сабабларга кўра жамоа хўжалигида белгиланган меҳнатда иштирок этиш минимумини бажармаган бўлса, ишланган вақтнинг амалда давом этган даври ҳисобга олинади», деб белгиланган.

Ўрганишлар шуни кўрсатмоқдаки, қишлоқ хўжалигининг собиқ тузилмалари (жамоа хўжалиги, давлат хўжалиги ва ширкат хўжалиги) да меҳнат фаолиятини 2005 йилга қадар юритган фуқароларнинг меҳнат фаолияти тўғрисидаги (ҳар йилги меҳнат минимум қарорлари) маълумотлари аксарият ҳолларда архив сақловига топширилмаган ёки умуман белгиланмаган.

Бунинг натижасида, мамлакатимиздаги қишлоқ хўжалигида ишлаган минглаб фуқароларга кам миқдорда пенсия тайинланган. Ваҳоланки, улар фаолиятининг асосий даврини далада ўтказган. Энди улар кучдан қолганда бошқаларга нисбатан анча кам пенсия олиши ижтимоий адолатга, инсонгарчиликка тўғри келмайди.

Бу муаммони ҳал этиш мақсадида Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзолари бўлган бир гуруҳ депутатлар «Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуннинг 37-моддасига тегишли ўзгартириш киритиш бўйича қонун лойиҳасини ишлаб чиқди.

Қишлоқ хўжалигининг собиқ тузилмаларида фаолият юритган фуқароларнинг меҳнат стажини ҳисоблаш бўйича МДХга аъзо давлатлар тажрибаси ўрганилди.

Ўрганишлар кўрсатмоқдаки, Россия Федерацияси, Белорус ва Қозоғистон Республикалари қонунчилигида бундай фуқароларнинг меҳнат стажини ҳисоблашда мавсумий иш даври бир календарь йил сифатида инобатга олиниши белгиланган. Шунинг учун уларга муносиб, адолатли миқдорда пенсия ҳисобланишида ортиқча тўсиқлар мавжуд эмас.

ЎзХДП депутатлари қонунчилигимизга таклиф этаётган ўзгартириш ижтимоий ҳимоя, ҳуқуқ муҳофазаси билан боғлиқ адолатни тиклашга хизмат қилади.

Бобур Мирзо ТЎХТАЕВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси 
Девони масъул ходими

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер