Словения Европа Иттифоқи ва НАТО давлатларини дипломатларни Киевга қайтаришга чақирди
Фото: AP
Словения Бош вазири Янез Янша Европа Иттифоқи ва НАТО давлатларини дипломатларни Киевга қайтаришга чақирди. Бу ҳақда сиёсатчи «Твиттер»даги саҳифасида ёзган.
«Энди Европа Иттифоқи ва НАТОга барча аъзо давлатлар ўз дипломатларини Киевга қайтаришлари керак», деб ёзган у.
29 мартдан Словениянинг Киевдаги элчихонаси ўз фаолиятини яна давом эттира бошлаган. Муваққат ишлар вакили Боштян Лесяк Киевга келган ва ўз вазифаларини бажаришга киришган. Шунингдек, у дипломатик ваколатхона кириш эшиги олдига Словения байроғини осиб қўйган. Ўз навбатида, Янез Яншанинг дипломатларни Киевга қайтариш ҳақидаги қарори Люблянада баҳсларга сабаб бўлди.
15 март куни Украина президенти Владимир Зеленский Киевда Полша, Чехия ва Словения бош вазирлари билан учрашган эди. Сиёсатчилар Россияга санкция сиёсатини давом эттириш ва кучайтириш масалалари, Украинага гуманитар ёрдам кўрсатиш ва уни келажакда қўллаб-қувватлаш масалаларини муҳокама қилган эдилар.
Маълумки, 24 февраль куни Россия президенти Владимир Путин ЛХР ва ДХР раҳбарларининг ёрдам сўровига жавобан Донбассни ҳимоя қилиш учун «махсус ҳарбий операция» бошлади. Шундан сўнг Россия ҳарбий кучлари Украина ҳудудига киритилди.
Бунга жавобан Украина Россия билан дипломатик алоқаларини узди. Кўплаб давлатлар Россияга, жумладан, Европа Иттифоқи мамлакатлари, АҚШ Россия президенти Владимир Путин, ташқи ишлар вазири Сергей Лавров каби бир қатор расмийлар, шунингдек, тадбиркорлар ва журналистларга қарши санкциялар киритди.
29 март куни Истанбулда Россия ва Украина вакиллари ўртасида юзма-юз музокаралар бўлиб ўтди. Россия делегацияси раҳбари Владимир Мединскийга кўра, музокаралар конструктив ўтган. Россия томони музокаралар давомида Украина вакилларидан аниқ шаклланган позицияни олган.
Шунингдек, Россия мудофаа вазирлиги Киев ва Чернигов йўналишларида ҳарбий ҳаракатларни кескин қисқартиришга қарор қилинганини билдирди.
Россия мудофаа вазири ўринбосари Александр Фоминнинг сўзларига кўра, бу қарор Россия ва Украина ўртасидаги бетарафлик ва ядросиз мақом, шунингдек, Украинага хавфсизлик кафолатларини тақдим этиш бўйича музокаралар муносабати билан қабул қилинган.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг