Скутер минган момо ҳасрати
Андижонда от ёки велосипед минган момоларни кўргандигу, бироқ скутер бошқарган онахонни биринчи марта кўрдик. Избоскан туманига сафаримиз чоғида Ўрта қишлоқ маҳалласида кўзимизга бегона бўлган бу манзара дарҳол эътиборимизни тортдик. Журналистлигимизга бориб, момони суҳбатга тортдик.

— 1996 йилдан буён II гуруҳ ногирониман, — дейди ўзини Мукофотхон Мирзаева деб таништирган суҳбатдошимиз. — Белимни этак билан уч марта айлантириб боғлаб олмасам, оғриб қоламан. Шу ҳолимда далада меҳнат қиламан. Чолим бу аҳволда даладан бери келмайсан шекилли, деб икки йил бурун сигиримизни сотиб, устига озгина пул қўшиб, мана шу мототциклни олиб берди. Ўзи электрдан заряд олади. Овозиям чиқмайди. Далага бориб, юмушларимни бажариб, юкхонасига топган-тутганимни юклаб қайтаман. Баъзан чолим билан кўчага чиқиб қолсам, кўрганлар хотин киши мототцикл миниб олибди, дейишади, деб рулни ўзи бошқаради. Ёмони шундаки, хўжайиним йўл танлашни билмайди. Чуқурларга ҳам тушиб кетаверади. «Э, бу ёққа беринг», — деб шартта рулни ўзим бошқараман. Мен ўйдим-чуқур йўлда ҳам бир текис юраман.
73 ёшни қарши олган онахонни бир қарашда дардмандлигига ишонмадик. Кўзлари чақнаб турибди, ҳаракатлари тетик.
— Уйда ўтирсам касал бўлиб қоламан, — тушунтиришга ҳаракат қилади аёл. — Шунинг учун далага чиқиб кетаман. Ҳавоси тоза, тинч, тупроқдан куч оламан.
Мукофот хола журналист эканлигимизни билгач, қўярда-қўймай даласи томон бошлади. «Раҳмонжон али ота орзуси» фермер хўжалигига қарашли майдондан 35 сотих ерга ул-бул экибди.
— 10 йилдан буён уруғчилик билан шуғулланаман, — дейди суҳбатдошимиз. — Избосканда кўпчилик уруғни мендан сотиб олади. Ишончлида! Ўтган йили роса карантин кучайган пайтда Улуғнор туманидан икки нафар деҳқон шунча йўлни велосипедда босиб келибди. Кимдир таърифимни айтган экан, шунга уруғ сўраб келибди.
Тўғрисини айтганда, вилоятда уруғчилик билан шуғулланадиганлар жуда кам. Оммалаштирса арзигулик йўналиш бўлгани боис онахондан кўпроқ майдонда деҳқончилик қилсангиз бўлмайдими, деб сўрадик. Сўрадигу, ярасини янгилаб қўйганимизни ўзимиз ҳам билмай қолдик. Аслида момонинг бу борада ҳасрати бор экан.

— 2018 йилдан буён бормаган жойим, кирмаган идорам қолмади, — кўзига ёш олди Мукофотхон ая. — Шу йилнинг 28 май куни вилоят ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов Пахтаобод туманида фуқароларни қабул қилди. Мен ҳам бордим. Уруғчилик билан шуғулланиш учун ер сўрадим. Ҳоким бола тушунган одам экан, мени қўллаб-қувватлади. Туман ҳокимига зудлик билан ер ажратишни буюрди. Шу куни «Раҳмонжон али ота орзуси» фермер хўжалигидан бир гектар ер майдони ажратилди. Ҳокимият вакиллари расмга олишиб, вилоят ҳокимини номига раҳматнома ёздириб олишди. Туни билан ерни ҳайдаш, транспорт ҳақи, уруғ қадаш, экинни ўғитлаш, ишчиларни ёллаш, ҳосилни йиғиб олиш, уруғқа тайёрлаш, соф даромад... шуларнинг барига қанча маблағ кетишию, қайси пайтда нима иш қилиш кераклигини ҳисоб-китоб қилиб чиқдим. Эрталаб белимни маҳкам боғлаб, далага борсам фермер менга ажратилган ерга қоқилган қозиқларни ирғитиб юборибди. Шундай қилиб ерсиз қолдим. Ул-бул идораларга мурожаат қилдим. Бир гектар майдонда деҳқончилик қилиш учун фермер бўлишим керак экан. Қолаверса, ер 30 ёшгача бўлган ёшларга берилар эмиш. Ҳар қалай менга келган жавоб хатларида шундай дейилган эди. Уйим тўла ишсиз ёшлар бўлганидан кейин бирортасининг номига фермер хўжалиги очай бўлмаса, дедим. Шунга йўл-йўриқ кўрсатадиган одам йўқ. Ким бўлса, алдаб-алдаб, яхши гапириб, қўлимга бояги мазмундаги хатни тутқазяпти. Бу ёғини сўрасангиз, бир уйда 10 киши яшаймиз. Қизим ҳам икки боласи билан турмушидан ажрашиб келган. Ҳамма ишсиз. Қизим бир тутам ойлик маош олади. Мен билан чолимнинг пенсиясини қўшганимизда жами бир ярим миллионга ҳам бормайди даромадимиз. Уйимизда экин экадиган жой йўқ. Баҳорда боя айтган фермер хўжалигидан 2 миллион сўмга 35 сотих ер сотиб олгандим. Шу ерда ул-бул экиб, тирикчилик қилиб турибман. Аксига олиб, шу ер ҳам бошимда бало бўляпти. Кутилмаганда суддан қоғоз келса бўладими? Нима эмиш, фермерни ерини ўзбошимчалик билан ўзлаштириб олганмишман. Зудлик билан бўшатишим керак экан. Ҳайрон қоладиган ишда! Мен ерни ўзлаштириб олгунча фермер қарааааб турарканми, болам? Сотиб олганимни исботлаш учун эса қўлимда квитанция бўлиш керак экан. Шунақа бўлишини билсам, ўша пулни ҳув даланинг бошида бермаган бўлардима... Э, бу тирикчилик қурғурни орқасидан шу ерга илашдиму, бошим балодан чиқмаяпти, тўғриси. Аксига олиб келиним икки боласи билан ўғлимдан ажрашиб кетди. Пул топмайдиган эр билан яшай олмасмиш. Тўғри, болам уни-буни хизматини қилиб пул топади. Лекин қишлоқда ҳамма ҳам пул бериб ишларимни битказай, демайди-да. Ишлай деса иш йўқ. Набирам ҳам иш тополмай Россияга кетувди. Уч ойдан буён пул юбормайди. Ўзи ҳам қийналаётганмиш. Хотини билан боласи отасиникида яшаяпти. Болаларимни ҳар томонга тўзғиб кетганини кўргач, уйда ўй суриб ўтиролмаяпманда, болам. Шунга ҳокимдан ер сўрагандим. Имкон қадар ерим бўлса болаларимни ҳаммасини деҳқончиликка олиб чиқардим. Бир уй бекорчиларга иш топиларди, уйимизга ул-бул кирарди, рўзғоримизга барака кириб, келинларим қайтиб келармиди... Аксига олиб, ҳеч ишим юришмаяпти...

Онахонинг ҳасратини тинглар эканмиз, аслида фуқарога ҳуқуқий тушунча берадиган, тўғри йўл кўрсатадиган, имкон қадар қўллаб-қувватлайдиган бирорта масъул топилмаганлигига амин бўлдик. Атрофимизда меҳнат қилса арзигулик холи бўла туриб «Аёллар дафтари», «Ёшлар дафтари» таркибига киришга ҳаракат қилиб, нимагадир эришмоқчи бўлиб юрган айрим ҳамюртларимизни кўз олдимизга келтирар эканмиз, бировнинг қўлига мустар бўлишдан кўра меҳнат қилиб, кун кўришга интилаётган Мукофотхон аяга далда эмас, амалий ёрдам кераклигини англадик. Балки, шунда ишсиз фарзандлари даромад манбаига эга бўлиб, ярим жон онахон уйда хотиржам ўтирармиди... У ҳолда скутерни ким минарди, дейсизми? Билсангиз агар, момога скутерни миниб, меҳмонга бориш ҳам жуда ярашади-да!
Саминжон ҲУСАНОВ,
«Халқ сўзи»
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг