Сизга ишонамиз, доктор
Иллюстратив фото
— Табиб табиб эмас, бошидан ўтказган табиб, дейишгани бежиз эмас, — дейди Қоровулбозор туманида яшовчи муаллима Рўзигул Аҳадова. —Бундан бир неча ҳафта муқаддам тобим қочди. Кучли бош оғриғи, ҳолсизлик, йўтал безовта қила бошлагач, туман тиббиёт бирлашмасининг юқумли касалликлар бўлимига мурожаат қилдим. Шифокор тавсиясига кўра, уйда даволана бошладим. Аммо вақт ўтган сайин касаллик аломатлари кучайди. Мени дарҳол реанимация бўлимига ётқизишди.
Бундай пайтда ҳар қандай киши саросимага тушиши, ваҳимага берилиши тайин. Ахир, Рўзигулнинг икки норасида фарзанди бор.Ҳаётдан умидлари кўп. Ана шундай чигал паллада шифокорларнинг «Умидсизликка берилманг. Ёнингизда мана биз бор», дейишлари беморга куч бағишлади. Вақтида берилган муолажалар хаста кўнгилга малҳам бўлди. Хавф ниҳоят, ортда қолди. Рўзигулга яна ҳаводан тўйиб-тўйиб нафас олиш бахти насиб этди.
— Шифокорлар дейишганида кўз олдимга нажот фаришталари келади,- дейди у. — Туман тиббиёт бирлашмасининг Шаҳодат Каримова, Умид Қосимовдек тажрибали врачлари, Насиба Гелдиева, Мавжуда Отаниёзова, Маърифат Саидова сингари жонкуяр ҳамшираларидан бир умр миннатдорман. Ўз ҳаётларини хатарга қўйиб коронавирус балоси билан курашаётган бундай шифокорларга ишонмай бўладими?!
Бухоро вилоятида эл ишончини қозонган ана шундай шифокорлар кўп. Уларнинг фидокорона меҳнати туфайли ўнлаб беморлар соғайиб, оилалари бағрига қайтмоқда. Ўз навбатида тождор вирусдан тезроқ халос бўлиш мақсадида талаб ва эҳтиёжнинг ошганидан келиб чиққан ҳолда вилоятдаги шифо ўринлари сони ошириляпти. Маълумотларга қараганда, Бухоро муҳандислик технология институти, Бухоро давлат университети ётоқхоналари, ”Семурғ”, "Ёшлик" спорт мажмуаларида шундай ўринлар ҳозирланган. Умумий захира ўрни 2375 тага етказилган.
Истам ИБРОҲИМОВ,
«Халқ сўзи»
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг