Сирдарёнинг ҳам қадим тарихи бор
Маълумки, келаси йили Сирдарё вилояти ташкил этилганига 60 йил тўлади. Вилоятнинг Мирзачўлни ўзлаштириш билан боғлиқ бой тарихи бор. Лекин гарчи чўлу биёбон ўрнида бунёд бўлган бўлсада, вилоят ҳудудида узоқ тарихдан хабар берувчи тарихий обидалар талайгина. Улардан машҳури карвон йўли устида қурилган Сардоба туманидаги «Сардоба» сув иншооти бўлса, Сайхунобод туманида қолдиқлари топилган қадим Хушкат, Сирдарё туманидаги Каттақизтепа шаҳарсозлик тарихига оид нодир манзиллар саналади.

Хушкат Шоҳруҳия шаҳрига яқин масофада жойлашган, Сирдарё соҳили атрофидаги кент бўлган. Ховос туманидаги «Эски Ховостепа» археологик ёдгорлигидан эса илм-фан ва тарих учун муҳим аҳамиятга эга кўпгина осори атиқалари топилган.
— Мирза воҳаси тарихини чуқур ўрганиш, тарихий манбаларни сақлаш, келажак авлодларга етказиш борасида самарали ишлар олиб борилаётир, — дейди Сирдарё вилояти тарихи ва маданияти давлат музейи директори Зокир Холдоров. — Масалан, Сирдарё вилояти ҳокимининг яқинда қабул қилинган қарорига кўра Гулистон шаҳрининг Тараққиёт маҳалласи Навоий кўчаси 2-уйда жойлашган, моддий-маданий мерос объекти сифатида рўйхатга олинган бинода Сирдарё вилояти тарихи ва маданияти давлат музейининг археология бўлими, Гулистон туманидаги Дўстлик маҳалласи ҳудудида жойлашган бинода ҳамда Ховос тумани Бунёдкор маҳалласи, Муҳташам кўчаси 20-уйда жойлашган бинода вилоят ўлкашунослик музейининг филиаллари ташкил этилиши белгиланди. Эътиборлиси, Гулистон туманидаги Дўстлик маҳалласидаги музей филиали яқинда фаолиятини бошлади.
Вилоят ҳокими имзолаган ҳужжатга асосан мазкур маданият муассасалари фаолиятини йўлга қўйиш билан боғлиқ вазифалар вилоят туризм ва маданий мерос бош бошқармаси, молия бош бошқармаси, вилоят тарихи ва маданияти давлат музейи раҳбарлари зиммасига юклатилди.
Аҳмадали ШEРНАЗАРОВ, «Халқ сўзи».
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг