Сирдарёлик ўқувчилар Навоий ғазаллари моҳиятини англашга интилишмоқда

15:42 08 Февраль 2024 Жамият
375 0

Мир Алишер Навоий таваллудининг 583 йиллиги муносабати билан Ҳалима Худойбердиева номидаги ижод мактабида ташкил этилган байрам тадбирида мазкур таълим муассасасининг бир гуруҳ ўқувчилари улуғ шоиримиз ғазалларига басталанган қўшиқларни Сирдарё вилояти мақом ансамбли санъаткорлари билан бирга ижро этишди.

Гап шундаки, ушбу мактабда кўплаб ижодий тўгараклар бўлиб, ўқувчилар уларда санъатнинг мусиқа, актёрлик, созандалик, рақс каби йўналишлари бўйича соҳанинг профессионал ва таниқли вакилларидан сабоқ оладилар.

— Ўқувчиларимизнинг Алишер Навоий ижодини янада чуқур ўқиб-ўрганишларида мақом санъати муҳим аҳамиятга эга, — дейди ижод мактаби она тили ва адабиёт ўқитувчиси, Ўзбекистон Республикаси халқ таълими аълочиси Моҳидил Зияева. — Умуман, мактабимизда буюк шоиримиз ҳаёти ва ижоди мавзусидаги сабоқлар доимий бўлиб, бунда айни назм ва наво шаклидаги тадбир ҳамда машғулотлар яхши самара бермоқда. Шу билан бирга ўқувчиларимиз ғазалларни шунчаки эмас, мазмун-моҳиятини чуқур тушунган ҳолда ёд олишмоқда. Яъни бунда Навоий асарларининг луғатидан фойдаланишмоқда. Натижада ўзлари ҳам ғазалу байтларни мазмунан табдил ва таҳлил қилишни ўрганишмоқда. Қолаверса, бу борада навоийшунос олимлар ҳам таклиф этилиб, улар томонидан маҳорат дарслари ўтказилмоқда.

Эътироф этиш керакки, бугун Ҳалима Худойбердиева номли ижод мактабида улуғ шоиримизнинг қутлуғ таваллуд санаси ёшлар томонидан Навоий ғазалларини таҳлил қилиш, моҳиятини англаш ва маъносини излаш асосида кенг нишонламоқда.

Аҳмадали ШEРНАЗАРОВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер