Сирдарёда улкан анжуман
Ҳалима Худойбердиева номидаги Ижод мактабида буюк адиб Абдулла Қодирийнинг 125 йиллиги муносабати билан улкан анжуман бўлиб ўтди. Анжуманда давримизнинг энг забардаст мунаққидларидан, Давлат мукофоти совриндори, улуғ устоз Иброҳим Ғофуров, Ўзбекистон халқ шоири Анвар Обиджон, Абдулла Қодирий бобонинг набираси, адабиётшунос олим Хондамир Қодирий, вилоят ҳокимияти вакиллари, Сирдарё вилояти Ёзувчилар уюшмаси раҳбари Ойнисо Ортиқбоева, филология фанлари доктори, профессор Равшан Маҳмудов, “Тасвирий Ойина” Ижодий бирлашмаси раҳбари Хакимжон Юнусов, таниқли шоира Баҳор Холбекова, “Сирдарё ҳақиқати” газетаси бўлим бошлиғи Ортиқбой Султонов, “Давр ёшлари” газетаси бош муҳаррири Норинисо Қосимовававилоятда фаолият кўрсатаётган ёш ижодкорлар, китобсеварлар, маҳалла фаоллари иштирок этдилар.
Дастлаб сўзга чиққан ИброҳимҒофуров жумладан қуйидагиларни сўзлади: -”Мен Сирдарёга бундан уч тўрт йил муқаддам келган эдим. Бугун Гулистонни айланиб, Гулистон ҳақиқий гулистонга айланганининг гувоҳи бўлдим. Айниқса, Юрт байроғи майдонида кўкрак кериб турган жонажон Ўзбекистонимизнинг 65 метрлик қадди тик байроғини кўриб юрагим ҳаприқиб кетди. Устоз Абдулла Қаҳҳор Гулистонга келиб, шу ерда капа кўтариб, “Шоҳи сўзана” асарини ёзганида бу ерлар бийдай дашт, шамоли одамни учириб кетадиган чўлу биёбонлар эди. Бугун Гулистон инсон ҳавас қилса арзийдиган шаҳарга айланибди. Айниқса, Сирдарёнинг тоза қонидан, юрак жавҳаридан туғилган Ҳалимахон Худойбердиева номидаги мактаб очилиши,Гулистон шаҳрига зийнат бағишлабди, кўркига кўрк қўшибди. Гулистон шаҳрининг кўкрагига “Адабиёт яшаса миллат яшайди” дея улуғ шоиримиз Чўлпоннинг сўзлари ёзиб қўйилиши, бу ерда инсон қадри нақадар улуғланишидан, миллат энг юқори даражаларда улуғланишидан далолат беради. Бугун биз нишонлашга келганимиз Абдулла Қодирийнинг 125 йиллиги шундай катта тантана, улкан шодиёналар билан ўтаяптики, бу сирдарёликларнинг Қодирий бобомизга буюк муҳаббатининг нишонасидир. Қодирий, 20 аср ўзбек адабиётининг султонидир. Умид қиламанки, Ҳалима Худойбердиева номидаги Ижод мактаби ўқувчиларининг ҳар бирининг столи устида Қодирий бобонинг беш томлик танланган асарлари туради, улар ҳар кун бу асарларни севиб ўқийдилар ва мутолаа қиладилар. Адабиётга Қодирий асарларини ўқиб ташриф буюрувчиларнинг қадами иншооллоҳ қутлуғ келишига аминман. Ўқиш ва ижодий изланишларингизга Худо ёр бўлсин! –дея сўзини тугатди улуғ мунаққид Иброҳим Ғофуров. Кейин сўзга чиққан, Ўзбекистон халқ шоири Анвар Обиджон Ҳалима Худойбердиева билан битта нашриётда узоқ йиллар ишлагани, кўп бора ҳамсуҳбат бўлгани, Ҳалима Худойбердиева софдил, кўнгли очиқ, ниҳоятда меҳнаткаш бўлганлиги, Ҳалима Худойбердиева шеърияти дунё шеъриятида энг баланд ўринларда туриши ҳақида сўзлади. Ижод мактаби ўқувчиларига Ҳалима Худойбердиевадай юксак иқтидорли шоира бўлишни, элга, юртга, миллатга чин дилдан хизмат қилишга шай ижодкор бўлиш кераклигини тилади.
Абдулла Қодирийнинг набираси Хондамир Қодирий ҳозирги кунда Абдулла Қодирий ижодига эҳтиром ниҳоятда баландлигини, Қодирий бобо яшаб ўтган уй бугунги кунда Абдулла Қодирий уй музейи қилинаётгани, қурилиш ишлари жадаллик билан олиб борилаётгани, Қодирий асарларининг чоп этилиши бир йилда юз минг нусхадан ошганлигини, Қодирий бобога кўрсатилаётган улуғ эҳтиром учун Қодирийлар сулоласи Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёевдан ниҳоятда миннатдор эканлигини сўзлади. Таклиф ва тайёргарликлар, гўзал анжуманнинг бу қадар юксак савияда ўтқазилаётганидан Ҳалима Худойбердиева номидаги мактаб жамоасига ўзининг самимий миннатдорчилигини, таъзим ва ташаккурини билдирди. Бу Ижод мактабидан бўлғуси Абдулла Қодирийлар етишиб чиқишини, Абдулла Қодирийнинг издошлари етишиб чиқишини чин дилдан исташини сўзлаб ўтди.
Шундан сўнг, Абдулла Қодирийнинг “Тўй” шеърини 7-синф ўқувчиси Аҳмадқулова Вазира, “Ўтган кунлар” романидан саҳна кўринишини 8 – синф ўқувчилари ҚўзибековаЁрқиной,Наимжонова Ситора, Акрамжонова Севинч, Маматова Манзура, Суюнова Севинч,Ҳасанова Ҳафиза,
Қаҳҳорова Зебо, Суюнова Лобар ижро этдилар. Анвар Обиджон қаламига мансуб“Уста Гулмат “ ҳажвий шеърлар туркумини Келдиёров Жавоҳирбек маҳорат билан ифодали ўқиди. Тадбир мароқли ва мазмунли ўтиши учун устозлардан Зафар Тўйчиев, Турсуной Маматхолиқова, Хурсандой Сотволдиева, Моҳидил Зияева, Қаҳрамон Мамаевлар жонбозлик кўрсатдилар. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Асадилло Холиқов меҳмонларга ва тадбир иштирокчиларига қимматбаҳо совғалар ҳадя этди.
Муҳаммад Исмоил,
Ҳалима Худойбердиева номидаги Ижод мактаби директори.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг