Сирдарёда сохта валюталарни сотмоқчи бўлган шахслар ушланди

13:03 20 Июнь 2025 Жамият
226 0

Сирдарё вилоятида қалбаки АҚШ долларларини сотмоқчи бўлган шахслар қўлга олинди. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти хабар берди.

Департамент ҳамда ДХХнинг Сирдарё вилояти бошқармалари ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда фуқаро Э.Б. (муқаддам судланган) ва бошқалар фуқаро М.Х.га Оқолтин туманидаги «Сардоба» ЙПХ маскани олдида 100 АҚШ долларлик купюрадаги қалбаки 1 600 АҚШ долларини 10,2 миллион сўмга сотган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 176-моддаси (қалбаки пул, акциз маркаси ёки қимматли қоғозлар ясаш, уларни ўтказиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

«Ўзаро ҳисоб-китобларни Ўзбекистон Республикаси ҳудудида қонуний тўлов воситаси ҳисобланган миллий валютада амалга ошириш орқали ўзингизни ноқонуний ҳаракатлардан асраган бўласиз», дейилади хабарда.

Таъкидлаш жоиз, қалбакилигини билмаган ҳолда қалбаки валюта қимматликларини олиб, уни кейинчалик ўтказган шахснинг қилмиши ҳам жиноий жавобгарликни келтириб чиқаради.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер